1

Сил касаллигининг даволаш муддатини 6 ойдан 4 ойга қисқартиш мумкин – ЖССТ

ДУНЁ 27.05.2022, 11:14
Сил касаллигининг даволаш муддатини 6 ойдан 4 ойга қисқартиш мумкин – ЖССТ

Ўзбекистон ССВ Матбуот хизмати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сил касаллигининг дориларга чидамли турини даволаш бўйича янги тавсиявий қўлланмасини эълон қилганлигини маълум қилди. 

У қуйидаги кўрсатмаларни ўз ичига олади:

  • Туберкулёзнинг дори воситаларига чидамли тури билан хасталанган 12 ва ундан катта ёшдаги беморларга рифапентин, изониазид, пиразинамид ва моксифлоксацин препаратларидан иборат 4 ойлик муолажа схемаси буюрилиши мумкин.

 

  • Туберкулёзнинг енгил формаси билан оғриган 3 ойликдан 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга 4 ойлик даволаш режими қўлланилиши лозим.

 

️Шу пайтгача амал қилиб келган 6 ойлик муолажа курси ҳам муқобил вариант сифатида қолдирилади.

ЖССТнинг дориларга чидамли бўлган сил касаллигини даволаш бўйича аввалги кўрсатмалари изониазид, рифампицин, этамбутол ва пиразинамиддан иборат 6 ойлик режимни ўз ичига олган эди. Ўтган даврда ушбу схема беморларнинг 85 фоизида самара бериши тасдиқланди.

Шундан келиб чиқиб, ташкилот май ойи бошида бу борадаги кўрсатмаларига маълум  ўзгартиришлар киритди. Туберкулёзнинг рифампицин препаратига чидамли турига қарши 6 ойлик ва муқобил равишда бедаквилин ҳамда линезолид билан даволашга қаратилган 9 ойлик муолажа курси тавсия этилди.  

Бундан ташқари, ЖССТ жорий йилда болаларда сил касаллигини даволаш бўйича янги кўрсатмаларини ҳам эълон қилди. У хасталик ташхиси, муолажа давомийлиги ва схемаларига доир ўзгаришларни қамраб олади.  

 Маълумот учун, дунёда ҳар йили сил касаллигидан 1,4 миллиондан ортиқ одам вафот этади. Хасталик эрта босқичда аниқланмаса, бемор йил давомида 10-15 кишига бу хавфли инфекцияни юқтириши мумкин.  

 

Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2035 йилгача туберкулёздан ўлим кўрсаткичларини 95 фоизга камайтиришга доир стратегик мақсадни қабул қилган.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1