Sevimli

Самарқандда ўз уйидан ноқонуний меҳмонхона қурмоқчи бўлган фуқаро аниқланди

ЖАМИЯТ 27.05.2022, 15:52
Самарқандда ўз уйидан ноқонуний меҳмонхона қурмоқчи бўлган фуқаро аниқланди

Бундан бироз аввал ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида ўз уйининг бир қисмидан ноқонуний меҳмонхона қураётган фуқаро ҳақида видео тарқалган эди.

Қурилиш вазирлигининг ушбу видео юзасидан хабар беришича, Самарқанд вилояти Самарқанд тумани “Жойи Сой” маҳалласида фуқаро Ф.Халилов томонидан ўз уйининг бир қисмини бузиб, жойидан 21,4х12,6 метр ўлчамдаги 11 қаватли 2 қават ертўлали меҳмонхона биноси қурилиши ҳеч қандай қурилишга рухсат берувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилганлиги ўз тасдиғини топган. Уйнинг ҳужжатилари текширилганда қуйидагилар аниқланган:

-Қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси мавжуд эмас;

-Архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) мавжуд эмас;

-Муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган;

-Белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган;

-Меҳмонхона мажмуаси обекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган (ШНК 3.01.01-03нинг 2.4 банди бажарилмаган);

-Қурилиш объектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмади;

-ШНК 3.01.01-03 нинг 7.8,9.9 бандларига асосан ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари тақдим этилмади.  

Юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлса-да, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари конструкциялар битгандан сўнг ”Констант проект” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқсиз ишлаб чиқилган. “Триумф Проект” МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти томонидан тўлиқ ишлаб чиқилмаган лойиҳа ҳужжатларига, бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар ҳам йўқ. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016-йил 22-январдаги 15-сонли қарорининг 21-бандига зид равишда 2018-йилда 24-мартда ижобий хулоса берилган.

Қурилиш давомида ҳудудий инспекция ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлса-да, фуқаро Ф.Халилов тамонидан иш  ўзбошимчалик билан давом эттирилган. Меҳмонхона қурилиши объекти бўйича махсус лицензияга эга “СВП МАСКАН” МЧЖ  мутахассислари томонидан 2016-йилда бинонинг техник ҳолати ўрганилиб, ригел ва темир бетон рамаларни кучайтириш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича хулоса берилган.

Ушбу кучайтириш бўйича тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган.  

“Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари томонидан 2022-йил 6-май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖнинг хулосасига асосан, бинонинг КМК, ШНК талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилган.

Шарҳлар