1

Нега болалар туғма юрак нуқсони билан туғилади?

САЛОМАТЛИК 29.05.2022, 15:31
Нега болалар туғма юрак нуқсони билан туғилади?

Сўнгги пайтларда болаларнинг туғма юрак нуқсони билан дунёга келиши нисбатан кўпайган. Болажонларнинг бундай ҳолатда туғилишига нималар сабаб бўлади? Она ҳомиладор вақтида соғлом фарзандни дунёга келтириши учун нималардан эҳтиёт бўлиши зарур? Ушбу саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳакимжон АБРОЛОВ батафсил жавоб берди. Унда шундай дейилган:

— Туғма юрак нуқсонлари ёки  умуман туғма аномалияларнинг ривожланишига, асосан, олтита фактор таъсир қилади. Булар:

- ҳомиладор аёллардаги анемия;

- аёлнинг  сурункали  ёки  ўткир инфекцияли  касаллиги;

- вирусли  касалликлар;

- гармонал фактор;

- нейрогуморал фактор;  

- яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ.

Камқонлик, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида аёлнинг гриппга чалиниши ва бунга қарши даволанмаслиги, қолаверса, буйрак ва бошқа аъзолардаги сурункали хасталиклар, онада учрайдиган турли инфекциялар ва вирусли касалликлар ҳомиланинг соғлом ривожланишига имкон бермайди.

Натижада болада туғма нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Бу муаммонинг олдини олиш учун ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин бўлажак ота-она тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиб, касаллик аниқланса, даволаниши лозим.

Бунинг энг самарали йўли ҳомиладор аёлларни скрининг кўригига ўз вақтида жалб этишдир. Бугун мамлакатимизда она-бола скрининг хизмати ривожланиб бораяпти. Қолаверса, туғуруқ мажмуаларида ҳар бир чақалоқ чуқур кўрикдан ўтказилади. Болада туғма нуқсон бўлса, шу ернинг ўзида аниқлаш имкони мавжуд.

Туғма юрак нуқсонларининг турлари жуда кўп. Шу боис даволаш ишлари касалликнинг турига қараб белгиланади. Дейлик, очиқ артериал проток —шундай турлардан бири.  

Бола олти ойлик бўлгунича, организмдаги физиологик ўзгаришлар туфайли бу туғма юрак нуқсон тури кичик ҳажмда бўлса, ўз-ўзидан ёпилиб кетиш  имкони бўлади.

Қисқаси, ҳар бир касалликни даволашнинг ўз стандартлари бор. Даволаш ишларини шу асосда ташкил этиш учун бемор доимо шифокор кузатувида бўлиши лозим, - дейди мутахассис.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1