"2023 йилга келиб дунё аҳолисини 50 фоизгача қисқартиришни мақсад қилганмиз. Ишонаманки, орзуларимизни амалга ошира оламиз". Pfizer номидан кўрсатилган ноодатий гаплар ҳамда қўқрувга тўла кўзлар акс эттирилган стикер...
Ижтимоий тармоқларда Pfizer бош директори Альберт Бурланинг вакцина борасидаги юқоридаги каби бироқ бироз бошқа йўсинда айтилган гаплари кенг тарқатилмоқда.
Қайсидир маънода ушбу вакцина билан эмланган инсонларнинг юқоридаги хабарни ўқиб, соғ бўлсада, тоби қочиши ҳам шубҳасиз. Darakchi.uz' интернет оламида шов-шув кўтараётган мазкур мавзу юзасидан ўрганиш олиб борди ва айрим жиҳатларга ойдинлик киритди.
FDA томонидан тасдиқланган маҳсулотлар бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратувчи, фармацевтика саноатининг кундалик монитори FiercePharma фармацевтика компанияси хабарига кўра, Pfizer раҳбари шу ҳафта Швецариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида "Соғлом дунё учун келишув" деб номланган ташаббусни ошкор қилган.
Унинг таъкидлашича, бу "кўплаб кам даромадли мамлакатлар ва дунёнинг қолган қисми ўртасида мавжуд бўлган соғлиқни сақлаш тенгсизликларини камайтириш" учун мўлжалланган, ҳеч қандай қириш учун эмас.
Қайд этиладики, коронавирус пандемияси даврида бу тенгсизликлар яққол намоён бўлган, чунки бадавлат мамлакатлар касалликка қарши курашиш учун маҳсулотлар биринчи бўлиб етказиб берилган.
Covid-19'да мисли кўрилмаган муваффақиятига эришган деб ҳисобланувчи Pfizer' компаниясининг раҳбари 23 та дори-дармонни (уларнинг кўпчилиги патентланган) нотижорат баҳода 45 та кам даромадли мамлакатларга сотилишини айтади.
Маълум қилинишича, янги дастур доирасида компания ушбу мамлакатларга Covid-19'дан ўлим хавфини камайтирувчи дори - Paxlovid'ни этказиб беради. Ташаббус 45 мамлакатда яшовчи 1,2 миллиард аҳолини қамраб олишга мўлжаллангани айтилади. Pfizer' бошқа компанияларни ҳам саъй-ҳаракатларга қўшилишга чақирган.
Чоршанба куни эрталаб CNBC телеканалида нутқ сўзлаган компания бош директори мазкур ташаббусни биринчи марта 2019 йилда муҳокама қилинганини таъкидлаган.
Энди сиз кутган кулминацион нуқтага ҳам етиб келдик. Яъни шов-шув кўтарган ўша Pfizer'нинг 5 йиллик режасига...
"Ҳозир орзуни амалга ошириш ҳақида",- дейди раҳбар Альберт Бурла.
"Мен бошқарувни қабул қилганимда, бутун раҳбарият кейинги беш йил учун режалар тузди. Улардан бири 2023 йилга бориб, биз сайёрамиздаги дори-дармонларни сотиб олишга қурби етмайдиган одамлар сонини 50 фоизга камайтирамиз"-дейди у.
Ха, ха. Бу ерда одамларга қасд қилиш эмас, балки уларнинг жонини, нисбатан қашшоқ бўлган мамлакатлардаги инсонлар ҳаётини сақлаш ҳақида сўз борган, яъни уларни дори билан таъминлаш. Айнан шу каби текширилмаган маълумотларга алданиб қолмаслик учун ҳам расмий хабарлар ҳамда Darakchi.uz' ни кузатиб боринг.
Дилбар Абдунабиева тайёрлади






