АОКАда бўлиб ўтган бугунги матбуот анжуманида “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг ушбу саволига Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев қуйидагича жавоб берди:
— Прогнозларимиз бўйича, ҳозир буғдойнинг ички бозордаги сотиб олиш нархи 3 млн. сўм атрофида бўлишини кутяпмиз. Агар 3 млн. сўм атрофида бўлса, қолипли нон нархи Тошкент шаҳридан бошқа жойлардаги нархлар даражасидан ошиб кетмайди. Масалан, биздаги маълумотларга кўра, Хоразмда бир қолипли ноннинг нархи 2800 сўмгача сотилмоқда. Агар буғдойнинг нархи 3 млн. сўм атрофида бўлса, қолипли ноннинг нархи 2800 сўмдан, яъни бозордаги нархдан ошиб кетмайди, демоқчиман. Фақат бу нарсани Тошкент шаҳрида сезишимиз мумкин. Бу энг пессимистик прогнозларимиз. Ўйлайманки, тадбиркорларимиз эркинлаштириш жараёнида ички рақобатдан келиб чиқиб, ўз харажатларини камайтириш ва ўз ўрнини йўқотмасликка ҳаракат қилади ва буханка нон нархи ундан арзонроқ бўлиши мумкин.
Тадбиркорлармиздан илтимос қилган бўлардим. Ўтган сафар унни биржа савдоларига қўйганда шандай ҳолатлар бўлганки, йирик ҳажмда биржадан унни сотиб олиб, нархни ушлаб туриб, юқори нархларда сотишга уринишлар бўлган. Ёки унни сотиб олиб, нон ишлаб чиқаришни вақтинчалик ушлаб туриб, бозордаги нон нархини кўтаришга уринишлар бўлган. Бу ҳолатлардан келиб чиқиб, тегишли чораларни кўрганмиз. Биржа савдоларида айнан буханка нон ишлаб чиқарувчиларга ва аҳолига унни чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга ун сотилади. Ўртакашлик қилиб, даромад олмоқчи бўлганларга ун савдосини тўхтатиш чораларини кўрамиз ва бу бозордаги нарх барқарорлигини сақлашга хизмат қилади, – дейди Тўлқин Мирзаев