Тошкент шаҳридаги “Ботаника боғи”да Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан “Ўйнаймиз - ўрганамиз” номли ҳаётий кўникмалар фестивали бўлиб ўтди.
Илк маротаба ташкил этилаётган бу фестивалда умумтаълим мактабларининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 200 дан ортиқ ўқувчилари иштирок этишди. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган фестивалда турли хил кўнгилочар дастурлар, шу билан бир қаторда рақамли, амалий STEAM, технология йўналишларида бурчаклар ташкил этилди.
Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази директори:
– Миллий ўқув дастури асосида яратилаётган дарсликларда назарий маълумотлардан кўра, амалиётга кўпроқ урғу берилган. Ушбу дарсликлар энди маълумотларни ёд олдириш йўлидан эмас, уларда ҳаётий кўникмаларни шакллантириш йўлидан боради. Шиддат билан ривожланаётган технология асрида болаларга ўйин орқали таълим бериш аллақачон ўзини оқлаган методлардан бирига айланди.
Бугунги ташкил этилган фестивал ҳам ўқувчилар мактаб дарсликларида назарий ўқиб ўрганган мавзуларини амалиётга тадбиқ этишмоқда. Республика таълим маркази томонидан янги авлод дарсликлари учун 20 га яқин мультимедиа иловалари яратилди. Дарсликларга қўшимча қилинган AR иловаси мавзуларни визуал қабул қилиш орқали янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Болаларга ХХI аср қурилмалари ёрдамида билим олишни тарғиб қилувчи рақамли бурчакда ўқувчилар янги авлод дарсликлари учун яратилган мультимедиа иловаларидан фойдаланиб кўришмоқда, – дейди Шуҳрат Сатторов.

Рухсора Миркамолова, Юнусобот туманидаги 260 сонли мактаб ўқувчиси:
-– Биз технология дарсида мева ва сабзавотлардан турли хил нарсалар ясашни ўрганганмиз. Бугун фестивалда ўзимиз ясаган ижод намуналаримиз билан иштирок этмоқдамиз. Бу “карвин” санъати деб номланади. Кўриб турганингиз апелсин мевасидан айиқча ясаганимиз. Қолаверса, мевалардан турли хил ҳайвонлар, гуллар ва бошқа шаклли манзаралар ҳам ясашни ўрганганмиз.
Фестиваль давомида болалар ёзувчиси, янги Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарсликлари муаллифи Саъдулло Қуроновнинг «Галактикада бир кун», «Коинот жавоҳири» фантастик асарлари тақдимоти бўлиб ўтди. Жараёнда болалар муаллиф томонидан берилган топшириқ асосида ўзлари фантастик ҳикоя ёзиб кўриш имконига ҳам эга бўлдилар. Муаллиф ўзининг «50 йилдан кейин ҳаёт…» бошланмасига болалар томонидан оригинал якунланмалар олди.







