Бугун, 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизматининг “Матонат” спорт мажмуасида маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбири ташкил этилди.

Чегара қўшинлари оркестри томонидан ижро этилган мусиқа садолари остида ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли ва Бўка туманидаги 15-сонли меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда ДХХ ходимларининг фарзандларидан иборат 300 нафардан ортиқ болалар ўртасида спортнинг мини-футбол, бадминтон, сузиш ва қувноқ эстафета турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Маълум бўлишича, беллашувларни республика спорт федерациялари ҳакамлари назорати остида ўтказилиши, баҳсларда энг кучлилар ғолиб чиқишини таъминлаб берган.
Шунингдек, ижодкор болажонлар ўртасида расм чизиш бўйича ҳам танлов ташкил этилгани айтилмоқда.
Ташкил этилган мазкур оммавий тадбирда эстрада хонандалари, “Ўзбекдавлатцирк” артистлари ҳамда эртак қаҳрамонларининг ўзига хос чиқишлари билан болажонларга ҳақиқий байрамона кайфият улашилган.






