1-июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кеча пойтахтимизнинг қатор масканларида турли ташкилотлар масъуллигида ажойиб кўнгилочар байрам тадбирлари ўтказилди. Жумладан, пойтахтдаги Наврўз боғида "Миллий қўғирчоқлар фестивали" ҳамда "Мўжизалар карвони" фестиваллари болажонлар учун ҳақиқий байрам кайфиятини бера олди, дея хабар бермоқда darakchi.uz мухбири Ойбек Шукуров.
Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Социал туризм ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилди.
Фестивалда 100 нафар алоҳида эҳтиёжли ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун хайрия тадбирлари, маданий дастурлар ва кўнгилочар томошалар ташкил этилди.


Аҳамиятлиси, "Миллий қўғирчоқлар фестивали" доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган ҳунарманд усталар иштирокида "Қўғирчоқлар байрами" номи остида кўргазма-ярмаркалари ташкил этилди.
Шунингдек, пойтахтимиздаги савдо-кўнгилочар мажмуаларнинг бирида "Мўжизалар карвони" фестивали ҳам байрамона тарзда ташкил этилди.
"Мўжизалар карвони" фестивали доирасида Ўзбекистоннинг фигурали учиш бўйича ёшлар терма жамоаси иштирокида "Мўжизалар карвони" муз шоуси, "Қувонч дўкони" акцияси ўтказилди, унда хоҳловчилар китобларини ва юмшоқ ўйинчоқларни эҳтиёжмандларга ҳадя қилишди.


Бундан ташқари, болаларни касблар билан таништириш учун турли касбларга оид станциялар ташкил этилди.
Фестивалда болалар учун катта мусиқий байрам эса унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.






