1

“Мен доим такрорлайман: Бобомурод Ҳамдамов ягона!”

ЖАМИЯТ 02.06.2022, 22:06
“Мен доим такрорлайман: Бобомурод Ҳамдамов ягона!”

Тошкентдаги муҳташам “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон, Туркманистон ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти, сеҳрли овози орқали кўплаб мамлакатларда мухлислар олқишига сазовор  бўлган Бобомурод Ҳамдамовнинг 82 ёшли юбилей-концерти бўлиб ўтди. Унда устоз санъаткорнинг яқинлари, шогирдлари ва халқимиз севган санъаткорлар иштирок этишди.  

“Даракчи” ижодкорлари тадбирда иштирок этиб, устоз санъаткор ва унинг яқинлари билан суҳбатлашди.

“Болаликда дадамни уйда баъзан уч ойда бир марта кўрардик”

Шамсиддин Ҳамдамов, ўғли:

— Буюк санъаткорнинг ўғли бўлиш ва айнан уларнинг касбини танлаш бу жуда қийин. Чунки дадам каби буюк қўшиқчига фарзанд бўлиш ва уларга маъқул тушадиган асарлар яратиш маъсулияти бор. Дадам жуда талабчан инсон. Қўшиқчилик санъатини тушунган инсон сифатида, эшитувчи мухлис сифатида ҳам шуни айта оламанки, дадам каби санъаткорлар юз йилда, минг йилда бир марта дунёга келади. Ҳатто дунёга таниқли ҳинд актёри Раж Капур ҳам дадамнинг беқиёс санъатларини юксак эътироф этган. Кўп қўшиқларимни дадам билан биргаликда яратганман. Бир қўшиқ яралишида, қисқа 4 минутли бўлса-да, унинг ҳар бир секундига, ундаги нола, қочиримларга алоҳида эътибор беришимни таъкидларди. Халқ хизматида бўлганимизда мухлислар менинг овозимни, ташқи кўринишимни дадамга жуда ўхшатишади. Шундай бўлса-да, мен доим такрорлайман Бобомурод Ҳамдамов ягона. Мен 99 фоиз ўхшашим мумкин, аммо 1 фоиз фазилат деймизми ёки санъатининг ўзига хослиги  фақатгина дадамда мужассам. Биласизми (кулиб гапиради), инсон доимо меҳрга ташна бўларкан. Дадамдан кўп нарсаларни ўрганиб, биргаликда халқ хизматларида бўлсак-да, санъаткор бор меҳрини қўшиқларига, мухлисларига бераркан. Болалагимизда уйда дадамни гоҳида 1 ойда, баъзан 3 ойда бир маротаба кўрадиган ҳолатлар бўларди. Шундай бўлсада, бетакрор овоз соҳиби, умрбоқий қўшиқлар яратувчисининг фарзанди бўлганимдан фахрланаман. Келажакда дадам асос солган мактабни давом эттириб, янада ривожлантираман.

“Бобомурод Ҳамдамовнинг келини бўлиш ҳам фахрли ҳам масъулиятли”

Наргиза Ҳамдамова, келини:

— Аввало, санъаткорнинг келини бўлиш ҳам фахрли, ҳам масъулиятли. Яқинларим, дўстларим афсонавий санъаткорнинг келини эканлигимни, менга ҳавас кўзи билан боқишларини кўриб ич-ичимдан фахрланаман. Кўп инсонлар дадам билан бир бора кўришишни, қўл бериб сўрашишни орзу қилишади. Бизда эса бу имкон ҳар куни бор. Бундан ташқари, дунё тан олган санъаткорга муносиб келин бўлиш бу катта масъулият. Дадамнинг кўп фазилатларини ҳурмат қиламан. Аавало, улар жуда самимий ва камтар инсон. Барчага бирдек меҳрибон ва кўнгилчан. Айниқса, бир сўзли, лафзли инсон. Бугунги юбилей- кечани ташкиллаштириш бир мунча қийинчиликларни келтириб чиқарди. Шундай бўлса-да, мухлисларнинг жуда кўп келгани, турли вилоятлардан бир нечта автобусларда, қўшни давлатлардан келган мухлисларни кўриб, бу қийинчиликлар унут бўлди. Дадам билан вилоятларда гастрол концертларини кўп ташкиллаштирганмиз. Шунда катта санъат саройининг саҳнасида концерт дастурини беришни орзу қиларди. Бу орзуси армон бўлиб қолишидан қўрқарди. Бугун шу армонларини ушалтирдик. Бундан жуда хурсандмиз.

“Бобомнинг йўлини танлаб, муносиб давомчи бўламоқчиман”

Нозила Ҳамдамова, набираси:

— Бугунги кечага бобомнинг энг севимли қўшиқларидан бирини куйлайман. Бу бобом учун менинг совғам. Бобомдан қўшиқчилик санъатининг сир-асрорларини ўрганмоқдаман. Уларга қўшиқлар куйлаб бераман ва тавсиялар оламан. Бобом доим “Сен бизнинг санъатимизни давомчиси бўласан”, - деб кўп бор такрорлайди. Бугунги кунда мусиқа мактабининг опера йўналишида таҳсил олмоқдаман. Бобомнинг қўшиқларини бу йўналишга мослаштириб куйлаб кўрмоқчиман. Келажакда машҳур санъаткор бўлиб, бобомнинг, дадамнинг изидан кетмоқчиман ва уларга муносиб ворис бўламан.

“Энг омадли концертининг азиз меҳмони бўлган”

Аваз Охун, сўз устаси:

— Соҳировоз санъаткор, устоз Бобомурод Ҳамдамовнинг қўшиқлари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Уларнинг қўшиқларини тинглаб, диллар завқланади, маза қилиб рақсга тушади ва биргаликда ҳиргойи қилади. Устоз билан боғлиқ ширин хотираларим кўп. санъат соҳасида илк омадли концерт дастурим 2014 йилда “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтган. Ушбу концерт дастурида устоз ҳам меҳмон бўлган. Тўғриси, устозни концертимга ташриф буюрганини билмаган эдим. Саҳнада кўриб, устознинг олдига бориб дуосини олганман. Бугун устоз 82 ёшида ҳам саҳнада қўшиқ куйлаяпти. Менимча, бу барча санъаткорларнинг орзуси. Онам ёшлигида Бобомурод Ҳамдамовнинг қўшиқларини тинглиб улғайганмиз деб кўп бор такрорларди. Мана орадан қанча йиллар ўтган бўлса-да, устознинг қўшиқлари бугун ҳам ўз даражасини йўқотмаган. Ижодкор учун бахт шу бўлса керак, аслида. Устозга узоқ умр, ижодий муваффақият ва биз шогирдларининг бахтиги доимо соғ бўлишини тилайман!

                                                                                                                                                             Файзулло ЯҲЁЕВ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1