2022 йил 4 июнь куни атоқли давлат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг сафдоши Георгий Алексеевич Крайнов вафот этди. Бу ҳақда Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси хабар қилди.
Маълумот учун: Георгий Алексеевич 1933 йил 21 ноябрда Андижон шаҳрида туғилган. Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини “Андижанская правда” газетасида бошлаган. Корректор, муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1976 йилда Краинов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг тарғибот ва ташвиқот бўлимининг газета ва журналлар сектори мудири лавозимида ишлаган. Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котибининг ёрдамчиси этиб тайинланди. Шароф Рашидов билан узоқ йиллар бирга ишлаган.
Георгий Алексеевич Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ энг масъулиятли лавозимларни – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонаси бош маслаҳатчиси лавозимларини эгаллади. Уни сафдошлари ҳурмат қилган, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов юксак қадрлаган. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг умумий бўлими протокол сектори мудири лавозимида ишлаб келган. 2018 йилдан то умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган.
У бир неча бор юксак Давлат мукофотлари: “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Содиқ хизматлари учун” медаллари билан тақдирланган. .
"Аммо Георгий Алексеевич ўзининг юксак мукофотини Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевичнинг юксак ишончи, қуролдошлари ва ҳамкасбларининг ҳурмати ва эътирофи деб билди. У намунали оила бошлиғи эди. Кейинги йилларда ўғиллари ва неваралари унинг ҳаётида асосий таянч бўлди. Муҳтарам оқсоқол Георгий Алексеевичнинг ёрқин хотираси қалбларимизда узоқ йиллар сақланиб қолади", - дейилади Мажмуа сайтида эълон қилинган хабарда.







