Жорий йилнинг 7 май куни Жиззах вилояти давлат архиви сақловидаги ҳужжатлар йўқолганлиги аниқланган. Бу ҳақда «Ўзархив» агентлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Жиззах вилояти давлат архиви сақловида бўлган ҳужжатларидан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган ва тезкор қидирув ишлари натижасида 2 660 с.б. ҳужжатлар Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида жойлашган иккиламчи қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш масканидан қайтариб олиб келинган.
Ҳозирда, Жиззах вилояти давлат архивида навбатдан ташқари архив ҳужжатларининг мавжудлиги ва ҳолатини тўлиқ текширишни амалга оширилмоқда. Шунингдек, архив биносининг видео кузатув камералари ишчи ҳолатига келтирилди.
Булардан ташқари, мазкур ҳолат бўйича, “Ўзархив” агентлигининг Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилояти давлат архивида хизмат текширув ўтказилди. Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Жиззах вилояти прокуратурасига юборилган.
Мазкур ҳолат бўйича, Жиззах вилояти прокуратураси ва Жиззах вилояти ички ишлар органлари томонидан текширишлар олиб борилмоқда. Ушбу ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар Агентлик томонидан тақдим этиб борилади.






