АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари бешинчи йиғилиши бўлди (фото)

Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш в...

'Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари бешинчи йиғилиши бўлди (фото)'ning rasmi

Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жалолиддин Абдуллозода, Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Шоранов ҳамда онлайн тарзда Хитой Халқ Республикаси Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси раҳбари Ма Сяовей, Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Жаркынбек Касымбеков, Ҳиндистон соғлиқни сақлаш ва оила фаровонлиги вазири ўринбосари Раджеш Бхушан, Покистон Ислом Республикаси Миллий соғлиқни сақлаш хизматлари, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш вазирлигининг махсус котиби Ифтихор Али Шалвоний иштирок этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

   Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ва ШҲТ Бош котиби Чжан Мин сўзга чиқиб, қатнашчиларни бугунги нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлади.

Тадбирда томонлар ШҲТ Низоми ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимда белгиланган келишувларни амалга ошириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олдилар. 

Шунингдек, йиғилишда “COVID-19 пандемияси даврида сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, тузилмага аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, халқ табобатининг замонавий тиббиётга интеграциялашуви, юқумли бўлмаган касалликлар хавфини камайтириш хусусида сўз борди.

Бинобарин, йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири М.Мурашко билан мулоқот ўтказди.

Учрашувда тиббиёт соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, тиббий таълим, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, онкогематология йўналишида илмий ва амалий алоқаларни ривожлантириш, мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш каби қатор масалалар муҳокама этилди.  

Мулоқотлар якунида томонлар ШҲТга аъзо давлатлар аҳолисининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, тарқалишига қарши курашиш, уларни эрта аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш каби қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттириш белгиланди.

Ўз навбатида, репродуктив саломатлик, COVID-19дан кейинги реабилитация, ШҲТга аъзо давлатлар етакчи тиббиёт марказларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш, коронавирус инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва илғор муолажа усулларини татбиқ этиш йўналишларида тажриба алмашиш истиқболари кўриб чиқилди. 

   Тадбир сўнгида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари бешинчи йиғилишининг Протоколи имзоланди.

 

    Бошқа янгиликлар