Sevimli

Тошкентда бир нечта террорчилик ташкилотининг аъзолари ушланди

ЖАМИЯТ 09.06.2022, 09:00
Тошкентда бир нечта террорчилик ташкилотининг аъзолари ушланди

Террорчилик хавфи сақланиб қолаётган ва ҳарбий тўқнашувлар юз бераётган Афғонистон, Сурия ва Ироқ ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларда фуқароларимиз ҳам иштирок этиб келаётгани сабабли, республикамиз ҳуқуқ тартибот идоралари ва махсус хизматлари томонидан Ўзбекистонга нисбатан эҳтимолий террорчилик хуружларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.

Жумладан, 2022 йилда "Ислом давлати" (ИД) ва "Тавҳид ва жиҳод катибаси" (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотлари (ушбу ташкилотлар фаолияти Ўзбекистон, РФ, АҚШ ва кўплаб Европа давлатлари ҳудудида тақиқланган) жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та "виртуал" гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Мазкур шахслар яшаб турган манзилларида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғояларини тарғиб қилиш, янги рекрутларни (номзодлар) ёллаб жангарилар лагерларига юбориш, терроризмни молиялаштириш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга ундаш билан шуғулланиб келганлар.

Хусусан, 2022 йилнинг бошида Тошкент шаҳрида 27 нафар шахсдан иборат яширин экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйилган бўлиб, гуруҳнинг айрим аъзолари жанговар ҳаракатлар юз бераётган ҳудудларга боришни режалаштирган ва халқаро террорчилик гуруҳларини молиялаштириш билан шуғулланиб келганлар. Ҳозирги вақтда ИИВ Тергов Департаменти томонидан ушбу гуруҳнинг 11 нафар аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 216, 244-1 ва 244-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, Тошкент вилоятида яшовчи, 2001 й.т. «А.Ш.» қўлга олиниб, у Сурия ҳудудидаги фаолият олиб бораётган «ТЖК» халқаро террорчилик ташкилоти ғоявий раҳнамоси А.Хамрабуваевнинг (тахаллуси «Ахлуддин Навкотий», Қирғизистон фуқароси) кўрсатмаси асосида, Тошкент шаҳрида яшовчи 9 нафар шахслардан иборат яширин жамоат ташкил этган бўлиб, уларнинг айримлари Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, 18-27 ёш оралиғидаги, айримлари мактаб ўқувчилари ҳисобланган 10 нафар шахслардан иборат «ТЖК»нинг 2 та яширин гуруҳи аниқланган. Ушбу гуруҳлар фаолияти «КТЖ» нинг Суриядаги масъулларидан бири «Абу Ахмад узбекий» томонидан бошқарилган бўлиб, гуруҳ аъзолари пойтахтдаги маъмурий бинолар, аҳоли гавжум жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирганлар ҳамда террорчилик ташкилотлари фаолиятини молиялаштириб келишган.

Кечиктириб бўлмайдиган тезкор-тергов тадбирлар натижасида гуруҳ аъзоларидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари ва ниқобловчи буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

Гуруҳ аъзоларига нисбатан ИИВ Тергов Департаменти томонидан Жиноят кодексининг 155, 244-1 ва 244-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу билан бирга, Сурияда террорчилик ташкилотлари сафида бўлиб, қидирувда бўлган қуйидаги шахсларнинг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали ўзларининг Ўзбекистондаги қариндошлари ва яқин алоқалари орасида ёллов ишларини олиб бориб, уларни террорчилик лагерларига чиқишга чорлаб келаётганлиги аниқланиб, ноқонуний ҳаракатларига барҳам берилди:

2022 йилда хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасида, қидирувда бўлган 59 нафар жангарилар ва террорчи-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Ушбу шахслар чет давлатларда террорчилик ташкилотлар сафига ёлланган бўлиб, уларнинг фаолиятни молиялаштириш, Суриядаги жангарилар лагерларига номзодларни ёллаш ва юбориш билан шуғулланган. Шунингдек, айримлари Ўзбекистонда ва ўзлари бўлиб турган мамлакатлар ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштириб келганлар.

Жумладан, 2022 йилнинг апрель ойида фарғоналик, 1995 й.т. «Х.К.» РФ ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ушбу шахс 2014-2015 йилларда Суриядаги «ТЖК» террорчилик ташкилоти сафида жанговар-қўпорувчилик тайёргарлигидан ўтиб, Россия ҳудудида яширин гуруҳлар яратиш, террорчилик тузилмаларни молиялаштириш каналларини йўлга қўйиш учун ташкилот етакчилари «Ш.Ш.» ва «К.Ш.» томонидан юборилган. «Х.К.»га нисбатан Жиноят кодексининг 244-2 ва 155-3-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида, «ТЖК»нинг қидирувда бўлган Туркиядаги жангариси – Самарқанд вилоятидан бўлган, 1998 й.т. «Б.Д.»нинг РФнинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида церийали қатор террорчилик хуружларини амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига чек қўйилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 155-2, 223, 244-1 ва 244-2-моддалари билан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида туғилган, 1999 й.т. «С.Х.» РФ ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган. Маълум бўлишича, у Интернет орқали Суриядаги «Хаят Таҳрир аш-Шом» халқаро террорчилик ташкилоти жангарилари сафига ёлланиб, қўлбола усулда портловчи қурилмаларни ясаш бўйча ўқувдан ўтган ва Ўзбекистонда қайтганидан сўнг қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширишни режалаштирган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1, 155 ва 248-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, жорий йилда «Хизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилотининг Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 5 нафар, муқаддам жазо ўтаб озодликка чиққан 10 нафар аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган бўлиб, улар Интернет орқали ташкилотнинг ғоявий раҳнамоларидан бири А.Холдаровнинг («Махмуд Абдулмўмин», Қирғизистон фуқароси, Руминияда яшириниб келмоқда.) ёллови таъсирига тушиб, ўзларининг маслакдошларидан иборат яширин гуруҳ тузганлар. 

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида талончилик, товламачилик, ўғирлик ва босқинчилик билан шуғулланиб келган 8 та уюшган жиноий гуруҳнинг фаолиятига барҳам берилган бўлиб, улар террорчилик ташкилотларининг ғоявий таъсирига тушиб, ноқонуний топилган даромадларидан экстремизмни молиялаштириб келганлар. Айримлари террорчилар лагерларига чиқиб кетишга тайёргарлик кўрганлар.

Хусусан, 2021 йилда Тошкент шаҳридаги «Техно олам» («Малика») савдо мажмуасида тизимли равишда мобил телефонлар ўғирлаш, фирибгарлик, талончилик жиноятлари содир этиб, ҳудуддаги қўриқлаш хизмати ходимларига тан жароҳати етказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Улардан 6 нафарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов давомида бошқа жиноятларга дахлдор 50 дан ортиқ алоқалари аниқланди ва уларга нисбатан профилактик ва маъмурий таъсир чоралари қўлланилди.

Таъкидлаш жоизки, юқорида келтирилган экстремистик, террорчилик ва уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор-тергов тадбирларининг барчаси амалдаги қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, прокуратура идораларининг назорати остида ўтказилган.

Эътиборлиси шундаки, жиноятчиларни қўлга олиш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига келтириш вақтида уларнинг барчаси умумий, деярли ўхшаш ташқи кўринишга эга эканлиги, хусусан, террорчилик ташкилотлари жангариларига тақлид қилган ҳолда бетартиб, узун соқол қўйиб юрганликлари аниқланган.

Бироқ, Интернетнинг ўзбек сегментидаги айрим блогерлар ўз рейтингини ошириш ва обуначилари сонини кўпайтириш мақсадида «баҳсли» репортажлар тайёрлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларининг экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган қонуний ҳаракатларини гўёки, «диндорларга нисбатан ҳужум» сифатида тескари талқин қилмоқдалар.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий демократик давлат бўлиб, қонунчилик асосини конституция ташкил этувчи тизимга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади ва халқ ҳокимиятнинг ягона таянчи ҳисобланади.

Ҳуқуқий давлатнинг асосий принципларидан бири ҳисобланувчи қонун устуворлигини таъминлашда давлат ва фуқаролар тенг равишда жавобгар ҳисобланади. Барча ривожланган ҳуқуқий давлатлар сингари, қонунларни бузганлик учун сиёсий, диний, ғоявий қарашлари, миллати ва ирқидан қатъий назар ҳар қандай шахс амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Қайд этиш лозимки, экстремизм ва терроризмга алоқадорликда гумонланган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши уларнинг ташқи кўринишлари билан боғлиқ эмас.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзининг Ватан ва халқ олдидаги бурчини бажаришга бундан кейин ҳам содиқ қолиб, қонунларни бузган шахсларнинг ҳар қандай ноқонуний фаолиятига қарши курашни давом эттирадилар.

Шарҳлар