АсосийSiyosat

Кейинги йилдан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади — Садир Жапаров

'Кейинги йилдан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади — Садир Жапаров'ning rasmi

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Президент Садир Жапаров Жалолобод вилояти Тўқтўғул тумани аҳолиси билан учрашувда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда "akchabar.kg" нашри.

“Агар бу жараён кузгача якунланса, кейинги йилдан йўл қурилиши бошланади. Агар уч давлат ҳамкорликда ишласа, бу йўл 3-4 йил ичида қуриб битказилади”, — деди Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси Раиси Оқилбек Жапаров мазкур лойиҳанинг қурилиши жорий йилнинг кузида бошланиши ҳақида хабар берган эди.

Маълумот учун, бу ташаббус 1995 йилдан бери муҳокама қилиниб келинаётган бўлса-да, ўшандан буён амалга оширилмаган. 2002 йилда Пекин келажакдаги филиалнинг техник-иқтисодий асосларини аниқлади. Ўша ғояга кўра, Торуғарт довони орқали ўтувчи йўл Арпа жайлоғи бўйлаб ўтиб, кейин Ўзган тумани орқали Қора-сув шаҳрига етиб боради ва у ердан Ўзбекистонга боради. Унинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил қилиши керак эди.

Бироқ уч давлат вакилларининг такрорий учрашувлари йўналишни белгилаш, шунингдек, миллий хавфсизлик, экология ва геосиёсат масалаларида келишмовчиликлар туфайли ягона тўхтамга олиб келмаган.

    Бошқа янгиликлар