Sevimli

Алишер Узоқов ва Муниса Ризаева нима учун талашди? Ёхуд “Ким экан?” шоуси энди эфирга узатилмайдими?

МАДАНИЯТ 10.06.2022, 13:59
Алишер Узоқов ва Муниса Ризаева нима учун талашди? Ёхуд “Ким экан?” шоуси энди эфирга узатилмайдими?

“Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Ким экан?” шоуси томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Режиссёр ва продюсер Бахтиёр Сафаровнинг навбатдаги лойиҳаси яна бир бор юқори рейтингларни забт этди. Катта қизиқиш билан томоша қилинаётган “Ким экан?” шоусининг 12 июнь куни финал сони эътиборингизга ҳавола этилади. Айнан кўрсатувга оид турли гап-сўзларга ойдинлик киритиш учун Бахтиёр Сафаровга юзландик.

—Бирор лойиҳани бошлаётганда ўйлаган режаларингиз пучга чиққан вақтлари ҳам бўлганми? 

—  Қандайдир лойиҳа ҳақида ўйласак, бир-икки ҳафта ўтгач, ўзимизга ўша нарса ёқмай қолган вақтлари ҳам кузатилган. Аммо ноодатий, яхши лойиҳалар доимо “шуни қилиш керак” деган яшил чироқдай хаёлимизда ёниб туради. 

— Ижтимоий тармоқларда “Ким экан?” шоуси нега тугаяпти”, “Яна эфирга қайтадими?” деган саволлар кўп…

— Ёз телевидение учун мавсум ҳисобланмагани сабабли кўп кўрсатувлар танаффус эълон қилишади. Иккинчи мавсумни янада каттароқ тайёргарликлар билан, декорацияларни ўзгартириб, янги костюмлар тиктириб, қайсидир маънода “ёриб” чиқиш учун ҳам бироз тин олиш керак. Ўзгача шижоат билан куз фаслида кўрсатувни эфирга қайтаришни режа қиляпмиз. 

—Суратга олиш жараёнларида нимадандир  кўнглингиз тўлмаган вақтлари бўлдими? 

— Ҳа, баъзи қизиқувчан томошабинлар ҳакамларга иштирокчи ким эканини айтиб қўйган вақтлари ҳам бўлган. Бундан ташқари, Шаҳзода Муҳаммедова керак бўлмаган вақтларда ҳайъат аъзоларига ортиқча ёрдам бериб ҳам юборган. Ҳатто бунинг учун биз Шаҳзода билан жиддий гаплашиб ҳам олганмиз.

 — Кўрсатувнинг финал сони нимаси билан фарқ қилади?

— Мавсумнинг охирги кўрсатувида етти нафар иштирокчи қатнашади. Ҳайъат аъзолари орасида Муниса Ризаева ҳам бор. Муниса Ризаева ҳамда Алишер Узоқов кўрсатувнинг янада қизиқ чиқишига катта ҳисса қўшишди, деб айтиш мумкин. Улар ўн минг долларга гаров боғлаб, саҳнадаги санъаткор ким экани борасида тортишишган. 

— Мавсумнинг якунланиши Алишер Узоқовнинг сафарга кетиши билан боғлиқми? Узоқовдан бошқа иқтидорли ва томошабин соғинган чеҳралар ҳам кўп-ку…

— Биринчи мавсум якунини Алишер Узоқовнинг кетишидан аввал режалаштирилган эди. Ва орадан кўп вақт ўтмасдан Алишер Узоқов бизга кетиши мумкинлиги ҳақида айтган. Лекин биз март, апрель ойларидаёқ “Ким экан?” шоусининг биринчи мавсумини ёзнинг бошида тугатишни мўлжаллагандик. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, Алишер Узоқов ҳамда Шаҳзода Муҳаммедовалар кўрсатувнинг юзи сифатида ўзининг тамал тошини қўйган. Агар биз ҳозир бошқа санъаткорларни бошловчи сифатида чиқарсак, кўрсатув ҳозир қарши олинаётгандай севимли бўлмаслиги мумкин. Менимча, “Ким экан?” лойиҳаси томошабинларнинг эътиборига сазовар бўлишида шу икки ижодкорнинг ҳиссаси катта!

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА суҳбатлашди.
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 9 июнь, 23-сон

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+24.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10875.37
USD -10.63
11079.83
EUR -54.37
181.48
RUB 1.02
1