Бугун Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Вазир Муҳаммад ал-Гаргавий Ўзбекистон раҳбарига Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, унинг самарали рўёбга чиқарилишида зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланган.
Маълумот учун, кейинги йилларда Ўзбекистон-БАА муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва инвестициялар ҳажми ўсмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан ўзаро савдо икки баробарга кўпайди, Ўзбекистонда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилди.
Шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва илгари суриш бўйича таъсирчан тизим асосида Амирликларнинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирокида инвестициялар ҳажми қарийб 3 миллиард доллар бўлган 17 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар чоғида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги, “Бир миллион дастурчи” дастури ва Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори фаолияти доирасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари катта мамнуният билан қайд этилган.
Инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилиш, муҳим тармоқларни ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва замонавий кадрларни тайёрлаш юзасидан мулоқотни кенгайтиришга келишиб олинган.
Қабул қилинган қарорлар ва учрашувда илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилиниши таъкидланади.