Кеча, 11 июнь куни Тошкент вилоятида "Тошкент термал минерал сувлари" санаторийсининг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур дам олиш маскани очилишида бевосита иштирок этган мухбиримиз Ойбек Шукуров санаторийда яратилган қулайликлар ҳамда унинг нархлари ҳақида хабардор қилмоқда.
Маълум бўлишича, ушбу соғломлаштириш санаторийси денгиз сатҳидан 540 метр баландликда, Тошкент вилоятининг Тошкент минерал сувлари кишлоғида жойлашган. У 10 гектар майдонда қад ростлаган бўлиб, атрофи манзарали ва шифобахш дарахтлар ҳамда доривор ўтлар билан бурканган.

Мазкур маскан ўзида 255 нафар дам олувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, хоналар стандарт, люкс ҳамда 11 та оилавий коттежлардан иборат.
Санаторий ҳудудида маъмурият, ресторан, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, турк, рус, финн сауналари, туз ғори, кинотеатр, амфитеатр, фавворалар, меҳмонлар учун кафе, ходимлар учун турар-жой ҳамда овқатланиш мажмуаси ва автотураргоҳ жойлашган.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, санаторийнинг асосий даволаш омили 1300 метр чуқурликдан чиққан пертермал (49-52С), таркиби натрий, хлор, гидрокорбонат, кремний ва бошқа минерал тузларга тўйинган шифобахш термал минерал булоқдир. Ушбу минерал сувлар ошқозон-ичак тизими касалликларини даволашда кунига 3 маҳал 200 грамдан истеъмол қилиш билан катта самара беради.
Бундан ташқари, санаторийда юқори малакали шифокорлар кардиолог, гастроэнтеролог, эндокринолог, гинеколог, уролог, невропатолог, УЗИ, физиотерапевт шифокорлари фаолият юритадилар. Улар ёрдамида даволанувчилар функционал ташхислар (УЗИ, ЭКГ, Спирография) ва лаборатор текширувлари (клиник, биохимик, ИФА)дан ўтказилиб, ташхисланади ва физио-муолажалар тавсия этилади.
Санаторийнинг даволаш бўлими охирги замон талабига кўра юқори технологик ташхислаш ҳамда Европа давлатларидан олиб келинган ва Англия технологиялари асосида яратилган даволаш физиотерапия тиббий ускуналар, жумладан, зарб тўлқинли терапия (ударно-вольновая терапия (УВТ)), Элетрофорез, Лазер, Магнит, УВЧ, Лимфодренаж, умуртқани қуруқ тракцион тортиш, Ультратовушли ингалятор, Компрессор системали кўп кишилик ингалятор, "H-TOP" юқори частотали биорезонанс, Карбон ҳаммоми (углекислая ванна "Гейзер"), "Акваспа" кушеткаси кабилар билан жиҳозланган.
Шунингдек, санаторийда даволанувчилар учун барча санитария талабларига тўлиқ жавоб берувчи фақат бир маротаба ишлатиладиган тиббий анжомлардан фойдаланган ҳолда ошқозон-ичакларни дуоденал зондлаш билан ювиш муолажалари, доривор гиёҳлардан тайёрланган фитодамламалар, бальнеотерапия-шифобахш минералли замонавий "Ладога" ванналари, сув ости уқалаш ва марваридли муолажа учун "Гольфстрим" ванналари, сув муолажалари учун "Вуокса – Экстра" мажмуаси (циркуляр, восходящий, нисходяший душлар, душ Шарко), 4 камерали "Истра-4К" ва "Онега" ўтириш ванналари, минерал сув остида умуртқани тортиш "Атланта" ускунаси, ичакларни минерал сув билан ювиш (колонгидромат) ускуналари ёрдамида муолажалар қабул қилишлари учун алоҳида ванна бўлими мавжуд.


Суяк – бўғин касалликлари, артроз, остеохондроз, радикулит касалликларини даволаш учун парафин – озокерит муолажалари, Озарбайжон давлатида машҳур бўлган "Нафтовит" сувли ва шифобахш балчиқ муолажалари учун мўлжалланган "Комфорт плюс" кушеткаларида шифобахш балчиқ билан аппликацион усули, яьни танага суртиш (балчиқли ванна), аёллар гинекологик ҳамда эркаклар урологик касалликларида балчиқли тампонлар қўйиш усуллари ҳамда косметологияда юз ва тана соҳаларига маска усулидан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Даволаш бўлимида эркаклар сартарошхонаси ва санаторийга даволаниш учун келган аёллар учун косметология хонаси ташкил қилингани айтилади. Ҳар бир аёл малакали кўп йиллик тажрибага эга косметолог-дерматолог шифокор томонидан юз ва териларни гўзаллаштириш учун косметология муолажаларини даволаниш жараёнида бемалол қабул қилишлари мумкин бўлади.

Санаторийда физиотерапия, бальнеотерапия, сув билан даволаш усуллари билан бирга ҳар бир даволанувчининг ташхиси ва жисмоний ҳолати инобатга олинган ҳолда тузилган гуруҳларда даволаш жисмоний машғулотлар, "Йога" машғулотлари, ўпка-нафас гимнастикалари, очиқ ҳавода терренкур, скандинавча юриш, велосепедларда юриш, аэрогимнастика, қуёшли ванналар қабул қилиш, ёпиқ ва очиқ сув ҳавзаларида сузиш, турк, финн сауналаридан, тренажерлардан фойдаланиш каби муолажалар олиб борилади. Ушбу машғулотлар инсон организмини чиниқтириш, иммун тизимини ошириш, соғломлаштириш, касалликнинг олдини олиш мақсадида ташкил қилинган.
Санаторий ресторани бир вақтнинг ўзида 255 та дам олувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, овқатланиш "Швед столи" услубида йўлга қўйилган.
Санаторийга жойлаштириш талаблари:
- Дам олувчининг санаторийда даволаниш истагига биноан, жойлар хоналар турига (стандарт, люкс) ва даволаш кунларининг умумий нархининг 25% тўлови амалга оширилганда бронга қўйилади;
- санаторийга Тошкент шаҳрида жойлашган офисда 100% тўлов амалга оширилганда берилган йўлланма билан қабул қилинади. Агар дам олувчи бирор сабабга кўра дам олишга кела олмаса, бора олмаслиги ҳақида 5 кун олдин хабар бермаса, брон учун олинган 25% тўлов жарима тариқасида қайтарилмайди;
- йўлланма учун тўловлар нақд пул, пул ўтказиш, пластик карта орқали амалга оширилади, чет эл ва Ўзбекистон фуқаролари учун тўлов нархи ўзгармайди.
Қуйида нархлар билан танишинг:







