Тошкент шаҳридаги “Prestij” дам олиш ва кўнгилочар марказида "Озарбайжон ошхонаси куни" бўлиб ўтди.
Тадбир Тошкентдаги “Yemali” озарбайжон ресторани томонидан озарбайжонлик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи “Azersun Holding” ва Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази кўмагида ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, ундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда Озарбайжон миллий таомларини танитиш ва тарғиб қилиш ва у ҳақида холис маълумотларни тарқатиш, бу маълумотларнинг сохталаштирилишига йўл қўймасликдир.
Тадбирда маҳаллий тадбиркорлар, журналистлар, шунингдек, озарбайжонликлар иштирок этгани айтилади.
Миллий ошхонанинг дурдона асари палов ва дўлманинг турли хиллари, шунингдек, чигиртма, қутаб, миллий ширинликлардан шакарбура, пахлава, қўғал ва бошқалар тадбир иштирокчиларига тақдим этилган, турли таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ҳам ташкил этилган.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан миллий чолғу асбоблар, сувенирлар ҳамда махсус нашрлар намойиш этилган тадбирда мамлакат маданияти ва ошхонасига бағишланган бурчак тайёрлангани айтилади.
Бундан ташқари, Озарбайжон озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи “Azersun Holding” томонидан тайёрланган миллий таомлар, чой ва ичимликлар ҳам меҳмонларга намойиш этилган.
Тадбир давомида Кайкеп Алиева номидаги "Озарбайжон қизлари" рақс ансамбли аъзолари, созандалар томонидан гўзал миллий рақслар, куй-қўшиқлар ижро этилган.








