Мушкулимизни осон, оғиримизни енгил қилади, деган илинжда мурожаат йўллаётган фуқаролар дардига бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ. Хусусан, бир неча ташкилотларга югуриб, чарчаган Самарқанд вилояти Жомбой тумани "Олмазор" М.Ф.Й аҳолиси Darakchi.uz' га умид билан хабар йўллаб, тегишли ташкилотлардан бу борада адолатли хулоса кутишмоқда.
Жумладан, ушбу ҳудуднинг бир гуруҳ фуқаролари қатор муаммолардан азият чекишмоқда:
— Бизнинг яшаш ҳудудимизда 5 йилдан буён 2 нафар қум ва тошни қайта ишловчи тадбиркорлар фаолият юритади. Бу ерда 3та қишлоқ аҳолиси тоза бўлмаган ичимлик сувидан: Олмазор, Ертешар, Ўроқли "кран качалкаларидан" сув истеъмол қилишади. Ҳудудда тош ва қумни меёрдан ортиқ кавлаш натижасида ер ости сув қочган. Шу сабабли ўсимлик дунёсига ҳам зарар етмоқда. Кранлардан сув чиқиши, қазиб олиниши натижасида ер релефи бузилиши ва бу вақтда сезилаётган шовқин инсон саломатлигига таъсир қиляпти. Бу ҳам етмаганидек, кунига юзлаб оғир машиналар туфайли оғир юкка мулжалламаган йўл абгор ҳолатга келиб қолмоқда. Йўллардаги чўкиш, ёрилиш, тош сочилиши транспорт воситалари харакатланишига ҳам жиддий зарар етказиб, автомобиль ойналари доимий равишда ёрилиб кетмоқда. Бунинг натижасида машиналарни техник кўрикдан ўтказишда ҳам барча маммога дуч келяпти. Фарзандларимиз тор йўлакчалардан мактабга боришади, бунинг устига белгилар ҳам кўп жойда йўқ. Уларнинг хавфсизлигини ким кафолатлайди? Аҳоли уйлари йўлга жуда яқин жойлашган. Юқоридаги ҳолатлар бинолар холатига катта таъсир кўрсатяпти, таморқа ерга зарар ҳам шу даражада. Бироқ фуқоролар ўз навбатида солиқларни тўлаб келишмоқда. Биз туман, вилоятга мурожат билан чиқиб келдик, аммо натижалар биз ўйлаганча бўлмаяпти, кавлаб олинаётган ерларни назоратга олишларини, аҳоли ичаётган сув таҳлилини ўтказишларини, ўйлар, ўсмлик дунёсини қуришига, йўлларда бахтсиз ходисалар рўй беришига йўл қўймасликларини сўраб қолардик. Иш адолатли ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб чиқилишини кутиб қоламиз. Биз тадбиркорлликка қарши эмасмиз, лекин бундай холатда эмас!






Тўғри, муаммо ҳар ерда бор. Аммо "Олмазор" маҳалласида истиқомат қилувчилар келтириб ўтган ҳолатларга шунчаки кўз юмиб бўлмайди, наздимизда... Масъуллардан ушбу мурожаатни назоратга олишларини сўраб, тегишлича муносабат кутиб қоламиз.






