1

Президентлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб олишди

СИЁСАТ 21.06.2022, 22:31
Президентлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб олишди

Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари музокаралар якуни бўйича брифинг ўтказилгани хабар қилинди.

Унда Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон делегациясини самимий қутлаб, икки халқ муносабатларининг шонли тарихи бугунги кўп қиррали ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлаган.

"Маънавий қадриятларимиз, динимиз бир, маданият ва тилимиз ўхшаш", - дейди Шавкат Мирзиёев. 

– Аҳмад Фарғоний ва Абу Райҳон Беруний асарларида Озарбайжоннинг шарқ ва ғарб тамаддунлари бир-бирини бойитган кўплаб шаҳарлари тилга олинган. Шарқшунослик институти фондларида эса Низомий, Хоқоний, Тусий, Фузулий, Хатоий ва бошқа озарбайжон шоир ва мутафаккирларининг ўнлаб ноёб қўлёзмалари авайланиб сақланмоқда.

Бу ўзбек халқи азал-азалдан озарбайжон маданиятига катта ҳурмат ва қизиқиш билдириб келаётганининг яна бир далилидир, деб таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.

Маълум қилинишича, тор ва кенгайтирилган таркибдаги учрашувларда икки томонлама кун тартибидаги масалалар батафсил муҳокама қилинган. 

"Музокаралар ҳамкорлигимизни халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлигимизни кўрсатди. Ҳозиргина салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Улар орасида икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берадиган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация имзоланди. Биз ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини ҳам белгилаб олдик", - дейди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар ҳамкорликни тубдан фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги, энг аввало, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришига ишонч билдиришган.

Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, аввал хабар берганимиздек, бунга жорий йил кузида Тошкента шаҳрида биринчи Ҳудудлар форумининг ўтказилади.

Таъкидланишича, музокаралар якунида бошқа кўплаб масалалар қатори Маданият ва кино кунларини ўтказиш, гуманитар ва туризм алмашинувига доир дастурларини ривожлантиришга аҳдлашиб олинган.

– Озарбайжон Президентининг тарихий аҳамиятга эга давлат ташрифи олдинга ташланган улкан қадамдир. Бугун биз биродар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз стратегик шериклигини чуқурлаштириш учун барча шароитларни шакллантирдик, – дейди Ўзбекистон Президенти.

Президент Илҳом Алиев таклиф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардан хурсанд эканини қайд этган.

- Қардош Ўзбекистон заминида бўлиб турганимдан, Сиз билан икки томонлама муносабатларнинг кенг доираси ва ташқи сиёсий кун тартибидаги му\ҳим масалаларни муҳокама қилишдан мамнунман, - деди Илҳом Алиев. – Ўйлайманки, бу ҳақиқатдан ҳам муваффақиятли ташриф. Чунки муҳокама қилинган мавзуларнинг моҳияти, шакли, мазмуни бўйича ҳам, биз қабул қилган қарорлар бўйича ҳам ушбу ташриф ва келишувлар муносабатларимизнинг янада ривожланишига асос бўлади.

Озарбайжон етакчиси имзоланган ҳужжатлар ва бугунги вазифалар ижроси мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашини қайд этган.

– Бугун биз иқтисодий ҳамкорлик, бизнес тузилмалари ўртасидаги алоқалар, хавфсизлик ва мудофаа қобилияти, маданий-гуманитар алоқалар тўғрисида фикр алмашдик. Яъни, кенг маънода айтадиган бўлсак, фаол ҳамкорлигимиз учун пойдевор яратилмоқда, – деди Озарбайжон раҳбари.

Давлат раҳбарлари халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро мулоқот конструктив кечаётгани ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳим эканини таъкидлашган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1