Ер юзида яшаётган барча тирик организмлар учун энг муҳим омиллардан бири бу – атмосфера ҳавоси бўлиб, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативлар ва стандартларга мослигини таъминлаш бугунги куннинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нима? У қандай кечмоқда? Тирик организмларга таъсири қандай каби саволлар кетма-кетлиги ва уларнинг жавоби барчани ўйлантиради. Ушбу саволларимизга мутахассисдан жавоб олдик.
Ҳавонинг ифлосланиши икки баробарга ортган
Ибратжон КАРИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Гидрометерология хизмати маркази Бош директор ўринбосари:
Ҳавонинг ифлосланиши деб, тирик организмларнинг (инсонлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, экотизимлар) нормал физиологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган ҳавонинг таркиби ва хусусиятларини барча турдаги ўзгаришлари тушунилади. Бугунги кунда ҳавонинг табиий ва антропоген омиллар билан ифлосланиши интенсив равишда кечмоқда. Жумладан, иқлимшунос мутахассислар, иқлим исиши айнан ҳаво таркибига чиқарилаётган ифлос чиқиндилар ҳисобига юз бераётганини ва ҳаво таркибида СО2 концентрацияси ортиб бораётганини таъкидлашмоқда. Ҳаво таркибида бу миқдор саноат даври деб эътироф этилган ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб 280 ppm(ҳаво таркибидаги миллиондан бир улуш) ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб бу кўрсаткич қисқа вақт оралиғида деярли икки баробарга ортган ва 420 ppmга етган.
Сўнгги ярим асрда ҳаво таркибида ис гази 100ppmга кўпайган ва бу каби тез ўзгаришга сайёрамиз мослаша олмайди. Тўсатдан ҳосил бўлувчи иқлим бўҳронлари ва аномал ҳолатлар бунинг яққол мисолидир.
Инсоният ис газининг ҳаво таркибидаги мувозанатини ушлаб туриш учун табиатнинг ўзига имкон қолдирмади. Ерларнинг ўзлаштирилиши, ўрмон майдонларининг кескин қисқариши натижасида атмосфера ҳавосида миллиардлаб тонна углерод газлари ютилмай қолишига сабаб бўлмоқда.
Дунёда...
Бритиш Петролиум, Жаҳон банки томонидан келтирилган рақамларга асосан 2019 йилда (пандемиядан аввал) дунё бўйича ўртача 34 млрд. тонна СО2 гази атмосфера хавосига ташланган, шундан Хитой Халқ Республикаси – 9 млрд. 826 млн. тн (29 фоиз), АҚШ – 5 млрд. тн (14,5 фоиз), Европа Иттифоқи давлатлари – 3 млрд. тн (9,7 фоиз), Ҳиндистон – 2,5 млрд. тн (7,3 фоиз), Россия – 1,5 млрд. тн (4,5 фоиз), Япония – 1,1 млрд. тн (3,3 фоиз), Қозоғистон – 239 млн. тн (0,7 фоиз), Ўзбекистон – 189,2 млн. тн (0,3 фоиз)ни ташкил этмоқда.
Кўплаб миқдорда ҳавога ташланаётган ташламалар натижасида бугунги кунда атмосфера ҳавосининг таркибий сифат кўрсаткичларининг (азот – 78 фоиз, кислород – 21 фоиз, аргон – 1 фоиз, карбонад ангирдрид – 0,03 фоиз ва бошқа инерт газлар) ўзгариш эҳтимоли жуда катта муаммога айланиши мумкин.
Ҳавога ташланаётган миллиард тонна зарарли газлар натижасида бугунги кунда “иссиқхона самараси” ҳосил бўлди. Бу эса, зарарли газлар ҳавони “гилам” мисол қоплаб, сайёрада ҳаво ҳароратининг кўтарилишига ва иқлим ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Охирги 5 йиллик кузатувлар юқори аномал иссиқ ҳароратнинг кескин ортишини, яъни дунё бўйича йиллик ҳарорат 1,1 даражага, Ўзбекистонда эса 2 даражагача юқорилаганини кўрсатмоқда (1880 йилга нисбатан). Оролбўйи ҳудудлари (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари) иқлим ўзгаришларига энг заиф ҳудудлар бўлиб қолмоқда.
Экология ва тирик мавжудотлар
Ҳавонинг кескин даражада ифлосланиши натижасида тирик мавжудотларга, жумладан, инсонлар саломатлигига ҳам салбий таъсирлар ортмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда ҳар 10 нафардан 9 киши ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда, шунингдек, сайёрамизнинг 91 фоиз аҳолиси ҳавоси ифлосланган ҳудудларда яшамоқда. Одамлардаги юрак-қон томир касалликларининг 25 фоизи, ўпка касалликлари ва ўпка саратонининг 43 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олиш натижасида келиб чиқмоқда.
Маълумот учун: инсон овқатсиз ва сувсиз бир неча кун яшай олиши мумкин, аммо ҳавосиз 10 дақиқа ҳам яшай олмайди, шунингдек, бир киши кунига 1 кг. овқат, 5 литргача сув истъемол қилса, 25 кг. ҳавони нафас олиш учун сарфлайди.
Экологик хавфсизлик ғоят долзарб
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан жорий йил 20 июнь куни бўлиб ўтган учрашувда “Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизлик ғоят долзарб масалага” айланаётгани ҳам алоҳида таъкидланди.
Халқимиз “Тоза ҳаво – танга даъво”, деган иборани бежиз қўлламаслиги юқорида қайд этилган рақамлардан ҳам кўриниб турибди. Фикримча, тоза ҳаво билан нафас олган ҳолда соғлом турмуш кечириш ҳар қандай моддий қиймат билан ўлчаб бўлмас неъматга айланиб бормоқда.
Бугун Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришлар жараёнида атмосфера ҳавосининг табиий таркибини сақлаш, атмосфера ҳавосига зарарли кимёвий, физикавий, биологик ва бошқа хил таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда камайтириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида Бош қомусимизнинг 55-моддасига “атмосфера ҳавоси”ни умуммиллий бойлик сифатида эътироф этган ҳолда ундан оқилона фойдаланиш ва давлат томонидан муҳофазасини таъминлашни кафолатлаш юзасидан нормани киритишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Фарида Эгамбердиева