Президент қарорига мувофиқ, БМТ, бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдамнинг тизимли асосда, марказлаштирилган ва мақсадли етказилишини таъминлаш мақсадида "Termez Cargo Centre" МЧЖга Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Халқаро хабга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
- гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- гуманитар ёрдамни қабул қилиш, сақлаш ва жўнатишни таъминлаш;
- юклаш-тушириш ишлари, юкларни ташиш ва сақлашни ўз ичига олган комплекс транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш.