1

Президент ташрифидан бир йил ўтиб: Янги Андижонда қурилиш ишлари қай аҳволда? (фото)

ЖАМИЯТ 23.06.2022, 19:57
Президент ташрифидан бир йил ўтиб: Янги Андижонда қурилиш ишлари қай аҳволда? (фото)

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган 2021 йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига қилган ташрифи давомида "Янги Андижон" шаҳрининг қурилишига тамал тоши қўйганди. Орадан бир йил ўтди. Шаҳарда қурилиш ишлари қайси босқичда? Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Андижон вилоятига қилинган инфо-туримизнинг яна бир манзили қурилаётган Янги Андижон шаҳри бўлди.

450 минг аҳолисига эга бўладиган Янги Андижон шаҳри яқин ўтмиш ва келажакнинг мисли кўрилмаган лойиҳаси бўлади (тасаввур қилиш учун бу миқдор учта Чирчиқ шаҳрининг аҳолисига тенг).

Лойиҳанинг аҳамиятлилиги шундаки, аҳолиси жуда зич бўлган Андижон вилоятида ернинг ўзи муаммо. Янги Андижон эса Андижон туманидаги қирликлар устида бунёд этилмоқда. Янги Андижон 4 000 гектардан ортиқ ерда, 20 йил давомида қурилади. Бир йил ичида эса шаҳар тепаликларининг 53 гектар майдонида 5, 7, 9 қаватли янги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар қурилганлигининг гувоҳи бўлдик.

Янги 9 қаватли уйлардан бирининг деворида ҳатто мурал чизилиши ҳам бошланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 18 февраль куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида кўп қаватли уйларга деворий мураллар чизиш кераклиги бўйича кўрсатма берган эди.

Бундан ташқари, бунёд бўлаётган янги шаҳар тепаликларида "Яшил макон" доирасида ҳам дарахтлар экилгани ва улар томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилаётганини кўриш мумкин.

Сафаримиз давом этади.

Андижондан Сардорбек Раҳмонқулов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1