1

“Зангиота"да нима гап?

ЖАМИЯТ 26.06.2022, 16:41
“Зангиота"да нима гап?

Статистик рақамларни таҳлил қилсак, Ўзбекистонда сўнгги ҳафтада COVID-19'га чалиниш ҳолатлари бироз ортганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда ҳам Зангиота касалхоналарида коронавирусга чалинган беморлар сони кескин ортгани айтилмоқда..

Хўш, бугун у ерда вазият қандай? Ушбу шифо масканларида қанча одам даволанмоқда?

Маълум қилинишича, айни пайтда 4000 ўринга мўлжалланган Зангиота 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус ташхиси қўйилган ва касалликка гумонланган 900 нафарга яқин бемор даволанмоқда. 93 нафар бемор эса жонлантириш бўлимида даво муолажаларини оляпти.

"Охирги ҳафтани инобатга олсак, юртимизда касалланишлар сони бироз ортганини кўриш мумкин", — дейди Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов. 

Таъкидланишича, айни пайтда муассасага кунига ўртача 70-80 нафар бемор мурожаат қилиб, уларнинг 25-30 нафари госпитализация қилиняпти.

"Бироқ шуни айтиш керакки, касалланишлар сони ошган бўлса-да, бугун шифохонага ётқизилаётган аксарият беморларда ўпка зарарланиши, сатурациянинг пасайиши каби жиддий асоратлар кузатилаётгани йўқ",-дейди Дониёр Миразимов.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Зангиота касалхонасида коронавирусга чалинган беморлар сони кескин ортгани айтилмоқда... Шу ростми?

"Ўтган йилнинг шу даври билан таққосласак, беморлар сони жуда паст", — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова.

 Таъкидланишича, айни пайтда муассасага мурожаат қилаётган ва госпитализацияга кўрсатма бўлган беморларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Марказ етарли даражада тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланган.

Шу ўринда Ҳилола Алимова беморларга мурожаат қилмоқда.

"Илтимос қилиб сўрардимки, агар ўзингизда касаллик аломатларини сезсангиз, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига эмас, аввало, яшаш ҳудудингиздаги оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пунктига ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман бўлимларига мурожат қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сабаби шифохонамиз коронавирусга тест топширадиган ёки тана ҳароратини ўлчайдиган муассаса эмас. Балки COVID-19га чалинган ва хасталик оғир ҳамда ўта оғир кечаётган беморлар даволаниши учун мўлжалланган шифо масканидир. Шундай экан, юртдошларимиздан ўзи ва яқинлари  саломатлигига янада эътиборли бўлиб, касалликка қарши ўз вақтида тўлиқ дозаларда эмланишларини сўраймиз",-дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1