1

Бугун Тошкентда 2 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилади — ДХХ

ЖАМИЯТ 27.06.2022, 10:31
Бугун Тошкентда 2 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилади — ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилмоқда. Айни жараёнда Darakchi. uz' журналисти ҳам иштирок этмоқда.

Маълумотга кўра, бугун, 1 тонна 933 кг 695 гргиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 133 кг 713,5 гр героин, 159 кг 478 гр опий, 1 тн дан ошиқ гашиш, 300 кг 786 гр марихуана, 79 кг 842,5 гр. кўкнор, 247 кг 150,4 гр. каннабис ҳамда турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқиб йўқ қилиш учун тайёрланган.

Таъкидланганидек, гиёҳвандлик воситаларини етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринларда турадиган давлатлардан саналган Афғонистон билан чегарадошлик Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, 2021 йилда Афғонистонда кўкнор етиштириладиган майдонлар 177000(224000)* гектарни, ишлаб чиқарилган опий миқдори эса 6800 (6300) тоннани ташкил этган.

Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистон Республикасида ҳам кузатилаётган гиёҳвандлик билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда, у гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишини кенгайтиришга, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни нотиббий мақсадларда истеъмол қилинишининг ўсишига, афғон опиатларини “Шимолий йўналиш” бўйлаб транзитини янги ва аввалги каналларини шакллантириш билан боғлиқ бўлмоқда.

2021 йилда республикада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишида бўлган жами 1 т. 864,4 кг (1 т. 542,6 кг) миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинган бўлиб, улардан: героин – 102,96 (28,3) кг, опий – 342,7 (124,1) кг, гашиш – 511,1 (223,9) кг, марихуана – 790,9 (692,8) кг, кўкнор – 77,9 (323,9) кг, кокаин – 15,2 (279,4) гр, гашиш мойи– 0,002 (127,3) кг, синтетик наркотиклар - 8,97 (1,53) кг, бошқа наркотик воситалар (МДМА, амфетамин, мефедрон, ЛСД (лезергин кислотаси) ва бошқа турдаги наркотик воситалар) - 8,1 (0,4) кг, таркибида наркотик моддалар бўлган дори воситалар - 21,7 (19,96) кг.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонга афғон наркотикларини асосан, Тожикистон ва Қирғизистондан ҳамда тўғридан-тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жанубий-шарқдан - Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимолий-шарқдан - Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1