1

Ўзбекистонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақи максимал миқдори оширилади

ЖАМИЯТ 27.06.2022, 15:46
Ўзбекистонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақи максимал миқдори оширилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қўмита аъзолари “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилишди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг 223-бандига асосан ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача ошириш назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган ушбу тартиб пенсионерларнинг даромади ва фаровонлигини ошириш, пенсиялар миқдори билан иш ҳақи ўртасидаги тафовутни камайтириш, пенсия олувчи фуқароларнинг моддий фаровонлигини янада ошириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда қўмита аъзолари томонидан қонун лойиҳаси дастлабки тарзда маъқулланиб, Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритишга келишилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1