Ўзбекистонда автомобилларнинг олд ён ойналари тусини ўзгартиришга берилувчи рухсат учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари этиб белгиланди.
Бу ҳақда "Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорида сўз боради.
Қарор билан жорий йил 1 июлдан бошлаб енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинмоқда.
Тартибга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
а) ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади;
б) енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:
- ишлаб чиқарилганига ўн бир йилдан ўн тўрт йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари – икки йилда бир марта;
- ишлаб чиқарилганига ўн беш йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари – бир йилда бир марта.
Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспорт воситалари учун татбиқ этилмайди.