Ёшлар куни муносабати билан Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва ёшлар ўртасида учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Учрашувлардан бири давлат солиқ хизмати тизимида фаолият олиб бораётган ёш ходимлар ҳамда ДСҚ ҳузуридаги Фискал институти талабалари иштирокида бўлиб ўтди. Давлат солиқ қўмитаси раиси билан ёшлар учрашуви кўтаринки руҳда бошланди.

Тадбир аввалида Шерзод Кудбиев бугунги кунда ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этиши учун барча шароитлар муҳайё эканлигини таъкидлади.

"Мен ҳар доимгидек олдиндан белгиланган сценарийлардан чекинган ҳолда эркин, дилдан суҳбат қилиш учун келдим. Мен сизлар билан раҳбар сифатида эмас, ўз ука-сингилларим билан самимий мулоқот қилиш ниятидаман", деди Шерзод Кудбиев.
Давлат солиқ қўмитаси раиси билан учрашув қизғин савол-жавоблар, очиқ мулоқот руҳида давом этди.

Ёшлар ўзини қизиқтирган саволлар билан бирга таклифларини ҳам билдирди. Жумладан, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Умид Бобомуродов тизимда давомли тарзда "Ой ходими" деган танловни жорий этиш таклифини билдирди.
ДСҚ раҳбари мазкур таклиф ёш ходимларга мотивация бериши мумкинлигини таъкидлаб, ушбу таклифни ўрганиб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Фискал институтида ташкил этилган ёшлар билан учрашувда Давлат солиқ қўмитаси раиси тизимда самарали фаолият кўрсатаётган ёш ходимлар ҳамда фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган талабаларни тақдирлади.

Шерзод Кудбиев йигит-қизларни байрам билан яна бир бор табриклаб, келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.








