1

Ўзбекистонда ҳаво қачон салқинлайди?

ЖАМИЯТ 30.06.2022, 20:05
Ўзбекистонда ҳаво қачон салқинлайди?

Синоптиклар июль ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг июнь ойи охирида Ўзбекистон аҳолиси кучли иссиқнинг биринчи тўлқинини бошдан кечирди. 25 июндан бошлаб максимал ҳаво ҳарорати кундан-кунга ошиб борди.

27-28 июнь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудларнинг катта қисмида иссиқ максимал даражага етган. Ушбу кунларда термометр устуни куннинг иккини яримида 40-42° гача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-46° гача кўтарилган. Қизилқумнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 47° га етиб, бу метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори июн ойи қийматларига яқинлашган.

"Хоразм вилоятида, Қорақалпоғистоннинг, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида июн ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилди"-дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бугун, 30 июнда республика ҳудудининг катта қисмида ҳароратнинг бироз пасайиши бошланди ва бу 1 июль кунида ҳам давом этади. 

2-3 июль кунлари ҳудуднинг катта қисмида ҳарорат яна 40-41° гача кўтарилади. Жанубнинг энг чекка қисмида ушбу кунларда ҳарорат 42-45° оралиғида барқарор бўлади. Кейинги кунларда эса Ўзбекистонда нисбатан салқин ҳаво кутилмоқда. 3 июлда шимолий ҳудудларда, 4-5 июль кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати ёз фасли учун 30-33° бўлган қулай қийматларгача пасаяди, сўнг бир неча кун давомида 34-37°, жанубда 38-40° атрофидагача бўлиши сақланиб туради.

Июль ойининг иккинчи ва учинчи ўн йилликларида ҳарорат асосан 35-38° атрофида бўлиши, айрим кунлари баъзи жойларда 40-42° гача кўтарилиши кутилмоқда.

Синоптиклар мазкур ойда ёмғир ёғиш эҳтимоли камлигини, фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 2-4 кун қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкинлигини билдирмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1