1

Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ташқи кучларнинг найрангига учмасдан янада жипслашиб, олдинга интилишига ишонаман — Озодбек Назарбеков

ЖАМИЯТ 04.07.2022, 09:40
Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ташқи кучларнинг найрангига учмасдан янада жипслашиб, олдинга интилишига ишонаман — Озодбек Назарбеков

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков сўнгги кунларда Нукусда юз берган ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди. 

"Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар Ватанимизнинг ҳар бир ҳудудида, энг олис манзилларида ҳам ўз ифодасини топмоқда, десам муболаға бўлмайди.

Мен Қорақалпоғистон Республикасининг бундан 10-15 йил олдинги қиёфасини кўрган, яхши эслайдиган инсон сифатида айтишим мумкинки, сўнгги 5-6 йилда бу заминда амалга оширилган ишлар, рўй берган ижобий ўзгаришлар тарихда бўлган эмас.

Муҳтарам Президентимиз келтирган битта рақам билан фикримни асослантирсам. Қаранг, охирги беш йилда ҳудуднинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилибди. Қачон шунча маблағ берилган? Ҳеч қачон! Бу ерда ўнлаб янги корхоналар ишга туширилди. Болалар боғчалари, мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилди. Яъни “инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосидаги ислоҳотлар Қорақалпоғистонда яққолроқ бўй кўрсатяпти.

Қорақалпоғистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича ҳам жуда катта, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, қорақалпоқ санъати ва маданияти азалдан ўзбек санъати ва маданияти билан уйғунлашиб келган. Истеъдодларга бой бўлган қорақалпоқ халқи кўплаб фестиваль ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Шундан маълумки, қардош қарақолпоқ санъатининг ўзига ҳос жозибадорлиги бор.

Сўнгги йилларда Мўйноқ тумани буткул янгича қиёфа касб этиб, туманда маданият маркази, болалар мусиқа ва санъат мактаби янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Консерваториянинг Нукус филиали фаолияти йўлга қўйилди. Қорақалпоғистон опера ва балет театри ташкил этилмоқда.

Қорақалпоқ халқининг бой ва бетакрор халқ оғзаки ижодиётига алоҳида эътибор қаратиб, 2021 йилда иккинчи Халқаро бахшичилик фестивали Қорақалпоғистонда ўтказилди.

Шундай бир пайтда Қорақалпоғистон Республикасида бугун содир этилган нохуш воқеалар барча халқимиз сингари менинг ҳам юрагимни чуқур ларзага келтирди. Четда турган айрим ғаразли кучлар қорақалпоқ элини нотўғри йўлларга бошлашга уринмоқда.

Лекин ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ташқи кучларнинг найрангига учмасдан, янада жипслашиб, иноқ бўлиб, бир мушт бўлиб олдинга интилишига ишонаман. Чунки бизнинг қонимиз, жонимиз бир. Биз бир бўлсак, ўртамизга ҳеч ким низо сололмайди.

Ишончим комил, ҳали ҳаммаси олдинда. Белгиланган марралар, режалар тўлақонли амалга оширилгандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси юртимизнинг энг чиройли, обод, ҳамма ҳавас қилиб, талпинадиган ҳудудига айланади. Шу кунлар албатта келади! Бунинг учун энг аввало, тинчлигимиз ва аҳиллигимизни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз керак", - дейилади Озодбек Назарбеков мулоҳазаларида. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1