Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати жорий ҳафтада кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Маълум қилинишича, бугун Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат кечқурун Тошкент вилояти бўйича момақалдироқ билан бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Бугун куннинг ўртасига келиб, термометр устуни 35-37° га етади. Республика шимолида Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади ва ҳарорат 26-31° гача пасаяди.
Эртага ҳаво массасининг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Тошкент, Наманган вилоятларида, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кундузи 30-35° дан юқори бўлмайди.
4-5 июл кунлари фронт ўтишида баъзи жойларда чанг-тўзонлари билан шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим жойларида шамол 23-28 м/с гача кучайиши мумкин.
6 июлдан 8 июлгача Ўзбекистон бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 6-7 июл кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари 17-22°, кундуз кунлари 30-35° атрофида, жанубда 37-39° гача бўлади.