Sevimli

Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилади

ЖАМИЯТ 04.07.2022, 18:21
Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилади

“2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-303-сон, 01.07.2022 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарор билан 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш дастури, тайёргарлик кўриш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ва тайёргарлик кўрувчи Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг контингенти тасдиқланди.

Дастур доирасида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида замонавий муз саройи;
  • Тошкент вилоятида қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари учун 60 ўринга мўлжалланган Олимпия тайёргарлик маркази;
  • Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби.

2023 йилдан ҳар йили қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари (республика спорт мусобақалари, халқаро спорт мусобақалари, ўқув-машғулот йиғинлари, Осиё ҳамда Жаҳон чемпионатлари ва кубоклари) учун 15 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

Қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қонунчиликда кўрсатилган миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, қуйидаги ҳудудлар тегишли спорт турларига ихтисослаштирилади:

  • Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри – фигурали учиш, хоккей, шорт-трек, кёрлинг, парахоккей, паракёрлинг спорт турларига;  
  • Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудлари – тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл, ski-альпинизм, паратоғ чанғиси, парасноубордга.

Шарҳлар