Дунёга ошиққан гўдак ёхуд ноодатий вазият

ЖАМИЯТ 04.07.2022, 20:23
Дунёга ошиққан гўдак ёхуд ноодатий вазият

Айни дамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилган бу ноодатий воқеа Қибрай туманининг Чинобод кўчасидан автомашинага чиққан ҳомиладор аёл билан юз берган. Унда кутилмаганда тўлғоқ бошланади. Келинга ҳамрох бўлган қайнонаси узоқдан тиббиёт муассасаси биносига кўзи тушиб, такси ҳайдовчисига ўша ерга олиб боришини айтади. 

Пойтахтдаги Улуғбек шаҳарчаси 1-сон поликлиникаси ҳудудига “Матиз” русумли автомашинада олиб келинган ҳомиладор аёлга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишга киришилган. 

"Бу вазиятда ҳар бир сония ҳисобли эди.Туғуруқ жараёни эса аллақачон бошланган. Шошилиш зарур! Аслида оилавий поликлиника гўдакни дунёга келтириш учун мўлжалланмаган бўлса-да, аёлни шундоққина рўпарадаги ушбу муассаса биносига олиб ўтишга ҳам фурсат етмади.

Поликлиника мудираси Ҳилола Жамилова (суратда) ўта тезкорлик билан бутун масъулиятни зиммасига олиб, автомобилнинг ўзида аёлга доялик қилишга киришди",-дейди вазирлик.

Мутахассислиги акушер-гинеколог бўлган мудира ва унинг жамоаси саъй-ҳаракати ҳамда қатъияти сабабли туғуруқ муваффақиятли амалга оширилган.

Шундан сўнг она ва бола соғлом ҳолда поликлиникага, энг яқин ҳисобланган Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғуруқ комплексига мутахассис ҳамроҳлигида олиб борилган.  

Ҳозир она-боланинг аҳволи яхши экани, уларнинг саломатлиги туғуруқ комплекси шифокорлари назорати остидалиги айтилмоқда.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1