Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, тадбирда яратилган имконият ва шарт-шароитларга қарамасдан ипотека кредити орқали аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Хусусан, жорий йилда 43 мингта уй-жой учун бюджетда банкларга 13 триллион сўм ресурс кўзда тутилган бўлиб, ўтган олти ойда 3,6 триллион сўм (28 фоиз) ўзлаштирилган. Шунингдек, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1,2 триллион сўм ажратилган бўлсада, 8,5 минг нафарига 365 миллиард сўм (30 фоиз) тўлаб берилган.
Ажратилган ресурс ва субсидияни ўзлаштириш даражаси Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 25 фоиздан пастлиги қайд этилган.
Шу боис, бугун берилган топшириққа кўра, 1 сентябрга қадар туман ва шаҳарларнинг қулай жойларида банк, молия, қурувчи ташкилотлар, нотариус, кадастр идоралари бир жойда ўтириб, аҳолига янги уй-жойлар лойиҳаси, нархи, кредит ва субсидия шартлари бўйича батафсил хизмат кўрсатадиган Ипотека марказларини ташкил қилинади.
Шу жумладан, масъуллар бир ой муддатда субсидия ажратишдаги бюрократияни камайтириш, қурилиш учун ерларни савдога чиқаришни 2 бараварга кўпайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилган. Йиғилиш якунида мутасаддилар ва ҳокимларнинг ахбороти тингланган.
Дилбар Абдунабиева.