Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги навбатдаги йиғилиш геология соҳасидаги натижалар ва йил якунигача бўлган режалар муҳокамасига бағишланди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг мазкур тадбирдан берган хабарига кўра, ерости қазилмаларига солиқ ставкалари пасайтирилиб, соҳада хусусий инвесторларга йўл очилган. Хусусан, конларни аукцион орқали сотиш ҳисобига 1 миллиард 400 миллион доллар инвестиция киритиш бошланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 19 май санасида ўтган тақдимотда Президент “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, уран захирасини ошириш бўйича топшириқлар берганди. Бугун шу борада бошланган ишлар, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳақида ахборот берилди.
Мирзиёев шундан сўнг “Навоийуран”да лойиҳа офиси очиш, чет эллик мутахассисларни жалб қилиб, кадрлар малакасини ошириш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда яна бир муҳим масала, сув юзасидан ҳам тўхталиб ўтилган.
Хусусан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ерости суви захирасини ошириш чоралари кўрилаётгани маълум қилинган.
Шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш, Қашқадарёда бу бўйича кластер ташкил этишга қаратилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилган.
"Умуман, геология иқтисодиётнинг ўсишига асосий туртки берадиган соҳа. Бу борадаги салоҳиятини тўлиқ ишга солиш керак", – дейди Ўзбекистон етакчиси.
Дилбар Абдунабиева.






