Сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишда барча соҳаларда зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий асослар яратилиб, давлат раҳбари томонидан “Инсон қадри учун” тамойили илгари сурилган ҳолда аҳолининг фаровон турмуш даражасини яхшилашга қаратилган янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Биргина, “Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла”дастурлари доирасида ҳудудларда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга эътибор қаратилиб, бунда қурилиш соҳасида алоҳида ўрин эгалловчи йўлсозликда ҳам кенг кўламдаги ишлар баражилмоқда.
Хусусан мазкур соҳа, яъни йўл инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш орқали йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун барча иштирокчиларга муносиб шароитларни яратиш бўйича Қашқадарёда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ва режадаги ишлари билан танишиш мақсадида вилоят ҳокими Муротжон Азимов масъул раҳбарларнинг ҳисобот тақдимотини тинглади. Бу ҳақда Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда иштирок этган мутасаддиларнинг маълумотларига кўра, 2022 йил вилоятда белгиланган барча давлат дастурлари асосида 578,9 млрд. сўмлик йўл ишлари амалга оширилиши натижасида 757,5 км йўллар таъмирланиши, 17 дона кўприкларнинг қайта қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги биринчи ярим йиллик ҳолатида 212,2 км йўллар таъмирланган ва 2 дона кўприкларда ишлар тўлиқ якунланиб, 226,1 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилган.
Жумладан, инвестиция дастурлари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг тараққиёт жамғармалари ҳисобидан ҳам вилоят ҳудудидан ўтган умумфойдаланувдаги халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, қаров ва сақлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратилган.

Бу борада олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларига мисоллар келтирадиган бўлсак, қуйидагиларни алоҳида келтириб ўтиш мумкин:
- инвестиция дастури (ПҚ-98 қарор) асосида 4 та йилдан-йилга ўтувчи объектларда қайта қуриш ишларини амалга ошириш учун 85,0 млрд. сўм маблағ ажратилган ва йил якунига қадар 19 км автомобиль йўллари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 37,2 млрд. сўмлик ишлар бажарилган,
- халқаро молия институтлари Саудия тараққиёт жамғармаси ва Қувайт Араб тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4Р87 “Ғузор-Чим-Кўкдала” автомобиль йўлининг 38 -73 кмларини қайта қуришга 115,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бунинг натижаси ўлароқ йил якунида 35 км автомобиль йўли фойдаланишга топширилиши белгиланган. Бу борада эса биринчи ярим йиллик ҳисоб-китобларига кўра 48,6 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилган,
- тўла таъмирлаш дастури асосида 4 та йилдан-йилга ўтувчи объектларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 12,5 млрд. сўм маблағ ажратилган, йил якунида 6 км узунликдаги йўлларда ишлар якунига етказилади,
- умумфойдаланув автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, қишки қаров ва сақлаш ишлари бўйича ҳам ҳозирда 139 кмдан ортиқ йўлларнинг ҳолати яхшиланиб, ўтказувчанлик қобилияти оширилди ва буларга 87,8 млрд. сўм маблағ сарфланган.
Мазкур тақдимотда иштирок этган вилоят раҳбари юқоридаги маълумотларни тинглар экан масъулларга юзланиб:
- “Ҳар бир қилаётган ишимизни одамларимиз ўз ҳаёти ва юрган йўлларида сезиши ҳамда ҳис этиши лозим” – дейди вилоят ҳокими Муротжон Азимов. – “Шаҳарсозликда энг муҳим масала - қурилишнинг сифати, қулайлиги ва ҳамёнбоплиги муҳим”.

Яна бир жиҳат йўлсозликда нафақат уни қуриш ва таъмирлаш, балки унинг атрофини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада эса юртимизда давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси ва бошчилигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари барчага бирдек улкан тажриба ва амалиёт бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни шу масалаларни ўзида мужассам этган ҳолда халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўлларнинг четларида дарахтзорларни ташкил этиш ва автомобиль йўллари минтақасини кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш бўйича ҳам вилоятда 10,2 млрд. сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунга қадар 89 минг дона кўчатлар экилди ва 8,4 млрд. сўмлик ишлар бажарилган.
Жорий йилнинг 7 апрелида президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида инсон қадрига қаратилган масалалар ижроси кўриб чиқилган ҳолда унда йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва ички йўлларни яхшилаш бўйича устувор вазифалар берилган эди. Унга кўра, 2022 йил Қашқадарё вилоятида 190 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилган.
Мазкур видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил ички хўжалик йўллари ҳолатини яхшилаш бўйича 145,7 млрд. сўм маблағ эвазига 386,2 км йўллар таъмирланиши кўзда тутилган.
Хусусан, “Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” дастурлари доирасида 378,7 км (70 км бетон йўл қуриш, 97,2 км асфальтобетон ётқизиш ва 211,5 км шағал қоплама ётқизиш) ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари учун 139,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши ҳисобига ҳозирги кунда барча объектларнинг лойиҳа-сметалари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда тендер савдолари орқали пудратчилар аниқланган. Шунингдек, дастур бўйича 72,2 км (1,2 км бетон йўл, 16,6 км асфальтобетон ётқизиш ва 54,4 км шағал қоплама ётқизиш) ички йўллар таъмирланиб, 19,2 млрд. сўмлик ишлар бажарилган. Ундан ташқари, жорий йилда 17 дона (15 дона умумфойдаланув йўлларида ва 2 дона ички хўжалик йўлларида) кўприкларни тўла таъмирлаш ва қайта қуриш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 60,6 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарёга ташрифи давомида ҳам автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга оид берган топшриқларининг ижроси бўйича вилоятга йўл ишлари учун қўшимча 350,2 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, шундан республика бюджетидан 85,0 млрд. сўм, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан эса 265,2 млрд. сўм ажратилиб, ушбу маблағлар доирасида 56 та йўл объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш кўзда тутилган.
Жумладан:
“Умумий фойдаланишдаги йўлларни қуриш ва таъмирлаш дирекцияси” буюртмачилигида 17 та объект – (бугунги кунда 1 босқич бўйича 6 та кўприкларда қурилиш ишлари бошланган ва лойиҳа ишлари паралел равишда амалга оширилмоқда);
Автомобиль йўллари қўмитасининг вилоят бош бошқармаси буюртмачилигида 13 та объект – (бугунги кунда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда);
“Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК буюртмачилигида 2 та объект (ҳозирда ишлар тўлиқ якунланиб фойдаланишга топширилган);
Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида 23 та объект - (ички йўлларга цементобетон қопламали йўллар қурилиши белгиланган);
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмачилигида 1 та объект (Қарши шаҳар Мустақиллик кўчасидаги йўл ўтказгични қайта қуриш).
Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда жами 22035 км автомобиль йўллари тармоғи мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари – 3487 кмни (437 км халқаро, 926 км давлат ва 2124 км маҳаллий аҳамиятдаги), ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари – 18548 кмни ташкил этади. Шунингдек, йўлларнинг ажралмас қисми бўлган кўприклар вилоятда 1432 тани ташкил этиб, 612 та умумфойдаланув автомобиль йўлларида, 573 таси ички хўжалик йўлларида жойлашган ва сув хўжалиги бошқармасига қарашлиси эса 247 тадан иборат.






