АсосийMadaniyat

Маърифат Ортиқова: “Бахт мен учун яқинларимнинг саломатлиги...”

'Маърифат Ортиқова: “Бахт мен учун яқинларимнинг саломатлиги...”'ning rasmi

"Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Олов пазанда” кўрсатувининг мухлислари талайгина. Кўрсатувда бошловчилик қилаётган актриса Маърифат Ортиқованинг театр, кино ва сериалларда томошабин қалбидан жой олган роллари ҳам кўп. Шу кунларда интернет тармоқларида унинг ҳаётида рўй берган муҳим янгилик, яъни турмушга чиққани ҳақидаги хабар тарқалди.

 

Бу хабар сизнинг ижодингизга бефарқ бўлмаган барча мухлисларингизни хурсанд қилди. Улар сизга чин юракдан бахт тилашмоқда. Маърифатхон, сиз учун бахт ўзи нима?

— Мен учун энг катта бахт яқинларимнинг соғлиги. Соғ инсонга ҳамма нарса татийди. Уларнинг қувончи, шу инсонларнинг борлиги, севимли касбимда меҳнат қилаётганим, шу ҳаётда яшаётганлигимнинг, кўраётганимиз, нафас олаётганимиз, ҳис этаётганимиз — шуларнинг ҳамма-ҳаммаси мен учун бахт! Кимгадир кераклигингизнинг ўзиям катта бахт!

— Демак, бугунги кундаги “Олов пазанда” кўрсатувидаги бошловчилик қилаётганингиз ҳам бежиз эмас?

— Бу йўналишда иш бошлашимдан аввал бошловчиликка жуда кўп таклифлар бўлган, лекин ҳаддим сиғмаган, қўрққанман. Актриса бўлсам-да, тортинчоқлигим бор, бу бошқаларга сезилмаслиги мумкин, устозларим яхши билишади. Устозим Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов: “Ҳаяжонингни табассуминг ортига яшир!” дердилар. “Меҳнат қил, бир кун натижасини кўрасан”, дейишарди. Бу ўгитлар мадад бўлиб “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Ўзингни намоён қил” кўрсатувида, “Тошкент” телеканали, “Тошкент вақти” кўрсатувида, “Ўзбекистон” телеканалининг “Ассалом, Ўзбекистон” кўнгилочар дастурида бошловчилик қилдим ва ҳозир ҳам бошловчиликни давом эттираяпман. “Севимли”да эса “Тушлик вақти” кўрсатуви билан фаолиятимни бошладим ва энди “Олов пазанда” лойиҳасидаман. Бу лойиҳа баҳона ўзим ҳам анча нарсаларни ўргандим. Ҳаттто “Ошхона очсаммикан?”деган хаёлларгаям бораяпман.

— Сиз Хоразм қизисиз. Хаёлингиздан Хоразмга бутундай кетиш ва санъатни ўша ерда давом эттириш фикри ўтганми?

— Йўқ, ҳеч қачон ўйламаганман. Чунки мен талабалик пайтимдан ўзим орзу қилган Муқимий номидаги мусиқали драма театрида иш бошлаганман. Устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Боир Холмирзаевнинг ўзлари етаклаб олиб борганлар. Шу театрда ижод томондан улғайдим, бу муқаддас саҳна мен учун мактаб вазифасини ўтади. Мен ўзимни театрсиз тасаввур ҳам қилолмасдим. Бошқа ерда ишлаш хаёлимгаям келмаган. Бу даргоҳда устозларим кўп. Афсус улардан бири Ўзбекистон халқ артиси Мирза Азизов бугун орамизда йўқ. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, ўрнилари билинаяпти. Марямхоним Ихтиёрова ҳам бу ёруғ оламни тарк этдилар. Улардан ҳам кўп нарсаларни ўрганганман. Қолган ҳамма устозларимнинг ҳам менинг шу даражага етишимдаги хизматлари катта. Умрлари узоқ бўлсин, устозларим мен учун ота-онадек азиз.

— Тошкентга келгач бир нечта хонадонларда ижарада тургансиз. Инсон ўз кучи, меҳнати билан чўққиларга тирмашиши жуда қийин шундай эмасми?

— Ҳеч қачон қийинчиликлардан қўрқмаганман. Машаққатларни енгишниям ўзига яраша гашти бор. Ҳаётда қийинчилик кўрмаган, машаққатларга дуч келмаган актёр қандай қилиб саҳна ёки экранда қаҳрамонининг дардларини ҳис этиб, ролини ижро этиб бера олади? Озми-кўпми ҳаётий тажриба бўлишиям керак-да. Ва энг муҳими, ўша машаққат ва қийинчилик ортида бизни доим рағбат кутиб туради. Уларга енгилмаслик ҳам, енгилиш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ. Кўрган қийинчиликларимнинг ҳар бири менга ҳаётий дарс бўлди. Ва улар натижаси сифатида Яратган мени севимли ва суюкли қилиб қўйганига шукроналар айтаман.

— Томошабинлар ёдида қолган ролларингизнинг қайси бири ўзингиз учун ҳам севимли?

— Театр саҳнасидаги ролларимдан “Ўтган кунлар”даги Зайнабни яхши кўраман. Дилдан қилиб ўйнардим, раҳматли устозим Ўзбекистон халқ артисти Рустам Маъдиев саҳналаштиргандилар. Томошабинлар илиқ кутиб олган ролларимдан яна бири раҳматли устозим Мирза Азизов саҳналаштирган “Тўда” спектаклидаги Камола роли эди. Гиёҳвандликка берилган йигитини тўғри йўлга қайтарган қизни гавдалантирганман. Бу спектакл билан хорижий фестивалларида иштирок этиб келганмиз. Устозимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ахад Фармонов саҳналаштирган “Тоҳир ва Зуҳра”даги Хоразмшоҳнинг қизи Моҳим образиниям яхши кўриб ижро этганман. Ҳамма ролларим томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган. Чипта олишдан аввал “Ким ўйнайди?”деган саволлар бўларди. Ҳозир ҳам “Қачон спектаклингиз бўлади, бормоқчийдик?” деган сўзларни эшитиб хурсанд бўламан. Режиссёримиз Санжар Бобоев суратга олган “Ўзи уйланмаган совчилар” сериалидан кейин мени Саодат деб чақира бошлашган. “Туташ тақдирлар”даги беланчак бошидаги рўмол ўраган келинчак билан танилганман. “Хиёнат” даги Равшаной ролим жудаям таъсирли чиққан. Хорижда ўқиб келган ўзбек талабаларидан “Шу фильм юртимизга қайтишимизга сабаб бўлди” деган фикрларни эшитганман.

Клипларнинг ижодингизда катта ўрни бор...

— Лекин клипларда кўп ўйнамайман. Йилда битта клипга тушишим мумкин. Икки-уч йилда битта клипда ўйнаган пайтларим ҳам бўлди. Фақат ўтган икки йилда тўртта клипда суратга тушдим. Биттаси хонанда Гулшаннинг “Сиз менга кераксиз, менга кераксиз” номли қўшиғига ишланган. Хонанда “Ассалом, Ўзбекистон” дастурига меҳмон бўлиб келганида шу қўшиқни ижро этган ва клипига сизларни, яъни мен ва ҳамкасбим Ҳамза Хасановни таклиф қилмоқчи эканлигини билдиргандилар. Биз рози бўлгандик ва томошабинлар олдида берган ваъдамизга биноан ўйнадик. Қўшиқнинг сўзлари юракка кириб борадиган даражада таъсирли, сюжетиям ёқимли, одамни зериктириб қўймайдиган оддий ҳаётий воқеа асосида суратга олинди. Ўзим ёқтирган хонанда Дилдора Ниёзованинг “Ёлғиз аёл” клипида ва устозимиз Валижон Шамисиевнинг фарзандлари “Лайли ва Мажнун” гуруҳининг клипида роль ижро этдим.

— Кинода ўз ўрнини топган актриса сифатида бирорта ролни қойиллатмай туриб “Санъатдан кўнглим қолди...” деяётганларни кўрганда кўнглингиздан нималар кечади?

— Демак, бу касб уники эмас. У бу соҳага адашиб кириб қолган. Уларга қараб туриб, “Илтимос бу ишга жиддий қаранглар. Айнан шу ролни қайсидир маҳоратли актёр ёки актриса ижро этиб, ўз ижодида катта бир иш қилиши мумкин. Завқ олинмаган касбдан вақтида воз кечиш керак”, деган ўйлар келади хаёлимга. Улардан экранда роль ижро этишга ўйин деб қарамасликларини, шу соҳада ўқиган, меҳнат қилаётган ижодкорларни ҳурмат қилишларини сўраган бўлардим.

—              Дубляждаги фаолиятингизга ҳам тўхталсак...

— Дубляж ниҳоятда машаққатли соҳалиги ва ҳали ўрганадиган томонларим кўп бўлишига қарамай бир олам завқ олиб ишлаяпман. Бунинг учун мени дубляж оламига олиб кирган курс раҳбарим Боир Холмирзаевга раҳмат дейман. Дубляж аталмиш катта ижод майдонида ёнимда туриб унинг сирларини ўргатаётган устозларим Гулчеҳра Носирова, Санобар Содиқова, Комилжон Турсунбоевлардан миннатдорман. Шунингдек, бугунги озми-кўпми ижодий ютуқларимга доимий рағбат бериб турадиган, ҳеч қачон маслаҳатларини аямайдиган театрдаги онажоним Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмовагаям раҳмат, умрлари узоқ бўлсин.

—              Бугунги кунда ижодингизда қандай янгиликлар бор?

— Бахтли актрисаман, масалан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Ахмедовнинг “Илҳақ” фильмида иштирок этдим. Бу мен учун катта омад. Айни кунларда телевидениега кўпроқ вақт ажратишимга тўғри келаётгани сабабли фильмларда суратга тушмаяпман. Лекин мухлисларимизга аталган янгиликларим йўқ эмас. Шу кунларда кучли режиссёрларимиздан бири бўлган Санжар Бобоевнинг “Дунё бозор” китоби асосида олинган “Маҳалла” сериали экранга чиқишини кутаяпман. Мен унда ўтган ролларимдан тамомила бошқача персонажни ўйнаганман. Ва яна “Муқимий” номли фильм ижодимдаги кескин бурилиш бўлди. Вақт тиғиз бўлишига қарамай, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин Раҳматов режиссёрлик қилаётган “Бағритош”сериалида бандман.

— Демак, ижод авжида экан. Янги қурган оилангизга тотувлик ва ижодингизга барака тилаб қоламиз.

—   Раҳмат!

              Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди.

"Даракчи" газетаси, 2022 йил 7 июль, 27-сон

 

 

 

 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар