АсосийJamiyat

Сурхондарёдаги "Хўжайикон" туз ғори Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келинмоқда — Маданий мерос агентлиги

'Сурхондарёдаги "Хўжайикон" туз ғори Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келинмоқда — Маданий мерос агентлиги'ning rasmi

Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Кўхитанг тоғ тизмаси этакларининг жануби-шарқий ёнбағрида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган "Хўжайикон" туз ғори маданий мерос объектига айни вақтда зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.

Хусусан, ушбу объектдан Сурхондарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси таркибидаги Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келмоқда. Бу эса маданий мерос объектининг муҳофазасини таъминлашда бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Маълум қилинишича, 1989 йилда очилган, моддий маданий мерос объекти ҳисобланадиган "Хўжайкон" туз ғорининг ички қисмида санъат галереялари тизими билан биргаликда бир-биридан ҳарорат, намлик, босим ва микроиқлим бўйича фарқ қилувчи бешта хона-камералар мавжуд. Ғор деворлари ўзига хос тарзда бир сантиметрдан уч сантиметргача туз қатлами билан қопланган, ўтиш жойида туз эритмали шифобахш булоқ мавжуд. Ушбу ғор муҳитида нафас йўлларининг аллергик касалликлари, узоқ давом этадиган ўткир ва сурункали бронхит, астма, пневмония асоратлари, иммунитети пасайган беморлар ва тери касалликларини даволашда фойдали қўшимчалар мавжуд.

"Хўжайкон" туз ғори маданий мерос объектини асраб авайлаш, уни давлат муҳофазасига олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли ҳамда 2021 йил 3 мартдаги 119-сонли қарорлари билан Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани, Оқтошота қишлоғи, "Чорбоғ" МФЙда жойлашган "Хўжайикон" туз ғори маданий мерос объекти "Термиз" давлат музей-қўриқхонаси балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган.

Мазкур қарорлар доирасида "Термиз" давлат музей-қўриқхонаси томонидан "Хўжайикон" туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи олинган.

"Термиз" давлат музей-қўриқхонаси томонидан Хўжайикон туз ғори маданий мерос обектидан самарали фойдаланиш ҳамда эгалик ҳуқуқи асосида барча турдаги ташрифчилар учун иш фаолиятини ташкил этиш мақсадида Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилинган.

Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бу масала эътиборсиз қолдирилгани сабабли, "Хўжайикон" туз ғори маданий мерос объектидан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасининг мажбурий тартибда чиқарилишини сўраб, жорий йилнинг 18 апрель куни "Термиз" давлат музей-қўриқхонаси томонидан Термиз тумани туманлараро иқтисодий судига даво аризаси киритилди.

Термиз туманлараро иқтисодий суди томонидан якуний суд қарори чиқарилишида "Хўжайикон" туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши юзасидан Термиз туманлараро маъмурий суд қарори чиқарилиши кутилмоқда.

Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг 15 июнь куни Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб ўтилган ишда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида "Хўжайикон" туз ғори маданий мерос объектининг "Термиз" давлат музей-қўриқхонасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи берилганлиги ноқонуний деб топилмоқда.

 

Бошқа янгиликлар