АсосийMadaniyat

Самарқандда Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро Конгресси бўлиб ўтади

'Самарқандда Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро Конгресси бўлиб ўтади'ning rasmi

2022 йил 22-24 июль кунлари Самарқандда Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро Конгресси бўлиб ўтади.

Тадбирдан кўзланган мақсад – Марказий Осиё маданиятини ўрганувчи халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг ўтган йилдаги фаолиятининг тақдимотини ўтказиш, ушбу соҳадаги халқаро фаолиятнинг янги йўналишларини ривожлантиришдан иборат. 

Конгресс ишида дунёга машҳур 250 дан ортиқ шарқшунос олимлар, жумладан, 33 та ташкилот директори, 6 та халқаро ташкилотлар вакили, 7 та муассаса президенти, 13 та академик, 22 та профессор, 18 та фан доктори, 6 та фан номзодлари иштирок этади. 

Конгресснинг марказий воқеаси сифатида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид 10 та янги китоб-альбомнинг (51-60 жилдлар) тақдимоти ўтказилади. 

VI Халқаро Конгресс доирасида хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид китоб-альбомларни олиш учун сертификатларни топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси замонавий илм-фан диққат марказида” халқаро илмий конференцияси, “Халқларни бирлаштирувчи мерос: Марказий Осиё ва Озарбайжон”, “Бутунжаҳон жамиятининг янги йўналишлари: режалар ва истиқболлар”, “Миллий музейлар ва тўпламлар Бутунжаҳон жамияти диққат марказида” каби мавзуларда давра суҳбатлари бзлиб ўтади.

Секция машғулотлари доирасида олимларнинг сенсацион баёнотлари ва илмий маърузалари кутилмоқда. 

Шунингдек, Конгресс давомида бир қатор халқаро ташкилотлар (ЮНЕСКО, IRCICA, ICESCO, "Ал-Фурқон" жамғармаси ва бошқалар) билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланади.

Samarkand Silk Road сайёҳлик марказининг тантанали очилиш маросими тадбирнинг ёрқин қисми бўлади. VI Халқаро конгресс иштирокчилари бўлмиш шарқшунос олимлар тадбир натижалари бўйича Қарор қабул қилади ва Ўзбекистон Президентига Мурожаатнома тайёрлайди. У Регистон майдонида тантанали равишда ўқиб эшиттирилади.

Тадбир Конгресс ҳомийси Eriell нефть-сервис компанияси томонидан Бутунжаҳон жамияти аъзолари шарафига ташкил этилган тантанали кечки овқат билан якунланади.

    Бошқа янгиликлар