АсосийЖАМИЯТ

Фоторепортаж: Самарқандда хорижий рассомлар учун пленерлар ташкил қилинди. Бундан мақсад эса...

Бугун Самарқанд шаҳрининг қайси манзилига борманг, ободонлаштириш, қуриш, таъмирлаш ишлари...

'Фоторепортаж: Самарқандда хорижий рассомлар учун пленерлар ташкил қилинди. Бундан мақсад эса...'ning rasmi

Бугун Самарқанд шаҳрининг қайси манзилига борманг, ободонлаштириш, қуриш, таъмирлаш ишлари ҳар қачонгидан қизғин кетаётганлигини кўрасиз. Сентябрь ойида бўлиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг раҳбарлари иштирокидаги саммитга тайёргарлик фонида нафақат Самарқанд шаҳрининг инфратузилмаси, балки, шаҳарнинг маданий ҳаётида ҳам ўзгаришлар кузатиляпти.

ШҲТ саммити доирасида турли давлатлардан келган рассомлар учун ҳам Самарқанднинг бугунги ҳаёти, урф-одатлари, тарихи ва табиати акс эттириладиган картиналар пленери ташкил этилган. Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан уюштирилган инфо-тур давомида биз ҳам меҳмон ижодкорларнинг асарлари билан танишдик.

Пленер нима?

"Пленер - бу рассомларнинг табиат қўйнига, объектлар яқинидаги жойларга чиқиб ижод қилиши", - дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Васила Файзиева. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида бўлиб турган, Мўғулистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия давлатларидан келган рассомлар шаҳарнинг кўчалари, маданий мерос объектлари ва бошқа манзилларига чиқиб, атроф манзараларини ўз асарларида турли услубларда тасвирлашмоқда.

Бу нима беради?

Меҳмон рассомлар икки ҳафта давомида "Ипак йўли" Халқаро туризм ва маданий мерос университети студияларида ўз асарлари устида иш олиб борадилар ва сентябрдаги ШХТ саммитида ижод намуналари билан иштирок этиб, "Самарқанд" мавзусидаги асарлари ҳамда ўзлари билан олиб келган бир дона муаллифлик картинасини Ўзбекистонда совға тариқасида қолдиришади. Тақдим этилган асарлар саммитга ташриф буюрган томошабинларни ўзбек халқининг ноёб тарихий ва маданий мероси билан, шунингдек, ШҲТ мамлакатларининг ўзига хос замонавий тасвирий санъати билан таништиради.

Рассомларнинг ижод намуналари шундай картина контейнерларида сақланади:

Шунингдек, университетда ШҲТ саммити доирасида хизмат кўрсатишнинг барча соҳаларини қамраб олган ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, бундан хорижий меҳмонларга халқаро талаблар асосида сифатли хизмат кўрсатиш мақсад қилинган.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар