1

1 сентябрдан туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақасини тўлаш тартиби ўзгаради

ЖАМИЯТ 26.07.2022, 08:35
1 сентябрдан туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақасини тўлаш тартиби ўзгаради

Президент «Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма фаолиятини молиялаштириш манбалари давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси доирасида туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақаси энг кам истеъмол харажатлари ҳисобида тўланади. Шу билан бирга, агар ходимнинг иш стажида бир ойгача бўлган танаффуслар бўлса, у ҳолда узлуксиз иш стажини ҳисоблашда танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар ҳисобга олинади;

келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тўлаш «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали босқичма-босқич амалга оширилади.

7 март куни президент «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.

Ҳужжатда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга, бюджет ташкилотлари бундан мустасно, ойлик истеъмол харажатларининг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан туғуруқ ва ҳомиладорлик нафақалари тўланиши белгиланди.

Жорий йилнинг январь ойида Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, энг кам истеъмол харажатлари ҳар бир киши учун ойига 498 минг сўмни ташкил қилган. Ўтган йили у 440 минг сўмни ташкил этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1