Жорий йилнинг 22-24 июль кунлари Самарқанд шаҳрида ўтган Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро конгресси доирасида иштирокчилар “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетига ташриф буюришди.
Конгресснинг 300 дан ортиқ иштирокчилари университет фаолияти билан яқиндан танишди, дея маълумот бермоқда Туризм ва маданий мерос вазирлиги.
Қайд этилишича, иштирокчилар, шунингдек, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида бўлишди.
У ердаги меҳмонхона хоналари, бар-ресторан, анжуманлар зали, олий ўқув юрти ошхонасини кўздан кечиришди. Шунингдек, Буюк Ипак ё‘лининг ноёб тарихий элементлари билан танишишди. Шу жумладан, ШҲТга аъзо қатор мамлакатлардан келган санъат усталари фаолият юритаётган универсал спорт залида ҳам бўлишди.
"Мазкур университетда туризм борасида ўзингизга керакли билимларни ўрганишингиз учун барча имкониятлар яратилган. Замонавий ўқув хоналари, шарт-шароитлар, етакчи мутахассислар — ҳаммаси мукаммал даражада. Айнан шунинг учун ҳам “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетини Самарқандни сайёҳлик маскани сифатида ривожлантириш учун идеал маскан деб бемалол айта оламан", – дейди Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, эксперт Фредерик Старр ўз таассуротлари билан бўлишиб.

Маълумот учун, ташриф якунида хорижлик экспертлар университетнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдиришган.







