АсосийЖАМИЯТ

Қайси соҳа вакиллари коррупция билан жиноий жавобгарликка тортилган?

Бугун Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи ярм...

'Қайси соҳа вакиллари коррупция билан жиноий жавобгарликка тортилган?'ning rasmi

Бугун Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида хабар бериш мақсадида брифинг ташкил қилинди. 

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раисининг ўринбосари Ғолибжон Давлатов сўзга чиқишди.

Брифингда маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йил биринчи ярми давомида 6 489 нафар шахсга нисбатан 5 274 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 2 393 та (83,1 фоиз) га, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 2 791 нафар (75,4 фоиз) га кўпайган.

Судлар томонидан 2022 йил биринчи ярмида жами 99 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1186 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

Жиноят оқибатида етказилган 217,2 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 626 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 888 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида жами 65 нафар шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган, 101 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 1088 нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган.

Жиноят ишларининг 2.672 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1.307 таси унча оғир бўлмаган, 2.263 таси оғир ва 247 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган. 

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов соҳалар бўйича таҳлилларга тўхталиб, коррупцияга оид кўриб тамомланган ишлар бўйича шахслар тоифасига тўхталди:

  • Соғлиқни  сақлаш соҳаси 11 нафар шахс;
  • Таълим соҳаси 17 нафар шахс;
  • Банк йўналиши бўйича 3 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилганлар. 

Судланган шахсларнинг 485 (9,7 фоиз) нафарига жарима, 1271 (25,5 фоиз) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1113 (22,3 фоиз) нафарига озодликни чеклаш, 1871 (37,6 фоиз) нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 53 (1,1 фоиз) нафарига мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган бўлса, 185 (3,7 фоиз) нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланганларнинг 541 нафарини (10,8 фоиз) аёллар, 146 нафарини (2,9 фоиз) вояга етмаганлар, 2.384 нафарини (47,8 фоиз) ёшлар, 115 нафарини (2,3 фоиз) 60 ёшдан ошган эркаклар, 47 нафарини (0,9 фоиз) чет эл фуқаролари ва 5 нафарини (0,1 фоиз) тадбиркорлар ташкил этган.

1.186 (967) нафар муқаддам судланган шахслар томонидан такроран жиноят содир этилган. 

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сони кўпайган... 

Брифингда айтилишича, Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2022 йил биринчи ярмида 57 299 нафар шахсга нисбатан 50 442 та маъмурий ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 17 323 тага (52,3 фоиз), шахслар сони эса 19 764 нафарга (52,6 фоиз) кўпайган.

Кўриб тамомланган 38 651 та иш бўйича 43 984 нафар шахсга нисбатан қарор чиқарилган, 13 315 нафар шахсга нисбатан 11 791 та ишлар тугатилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 29 813 (67,8 фоиз) нафарига жарима, 165 (0,4 фоиз) нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 13.999 (36,0 фоиз) нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

Тугатилган ишлардан 1 885 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси қўлланилиб огоҳлантирилган, 11.430 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига кўра тугатилган.

— Ҳуқуқбузарлик содир қилганларнинг 10.097 нафарини (17,6 фоиз) аёллар, 160 нафарини (0,2 фоиз) вояга етмаганлар, 20.763 нафарини (36,2 фоиз) ёшлар, 2.250 нафарини (3,9 фоиз) 60 ёшдан ошганлар, 449 нафарини (0,7 фоиз) чет эл фуқаролари ва 3.132 нафарини (5,4 фоиз) тадбиркорларни ташкил этган, - дейди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов.

    Бошқа янгиликлар