АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди

Бу йил ўзбекистонликлар аномал иссиқдан азият чекишди. Қарийб ўн кундан бери мамлакатда ку...

'Ўзбекистонда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди'ning rasmi

Бу йил ўзбекистонликлар аномал иссиқдан азият чекишди. Қарийб ўн кундан бери мамлакатда кундузги ҳарорат 43 градусдан юқори бўлмоқда. Кечки пайт ҳам кам эмас. Тан олиш жоиз бу нафақат одамлар, балки ўсимликлар дунёсига ҳам катта зарар етказди.

Хусусан, бу пахтачилик учун ҳам фавқулодда вазият. Лекин барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарур. Бунинг учун уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашишни илмий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш керак. Айни масалалар бугун президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилишда тилга олинди. 

"Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт",– дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда инновацион ривожланиш вазири, Пахтачилик кенгаши раиси И.Абдураҳмонов кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берган.

Унда айтилишича, Кенгаш аъзолари олим ва мутахассислар билан бирга Қуйичирчиқ, Сайхунобод, Навбаҳор, Нарпай, Вобкент ва Қоракўл туманларига бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганган. Жумладан, уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилгани аниқланган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор, холос. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган.

Йиғилишда бундай ҳолатда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилган. Уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.

Шунингдек, кластер ва фермерларнинг даласига бориб, илмий ёндашув ва янгиликларни тушунтириш зарурлиги таъкидланган.

Вилоят ҳокимларим ҳам айни долзарб кунларда қилинадиган ишлар бўйича ахборот беришган.

Дилбар Абдунабиева.

    Бошқа янгиликлар