Хабарингиз бор, Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва ҳодисаларни ўрганишни бошлаган. Хусусан, комиссия аъзолари кеча одамлар кайфиятини ўрганиш учун Қорақалпоғистон воқеаларининг асосий майдонига айланган Нукус шаҳридаги марказий деҳқон бозорида бўлишди.
Айни пайтда Омбудсман берган маълумотга кўра, Комиссия аъзолари бугун Қорақалпоғистонда 15 кунлик маъмурий жазо ўталадиган махсус қабулхонани бориб кўришди.


Ўрганиш давомида аниқланишича, намойиш куни махсус қабулхонага ҳам ҳужум уюштирилган натижада дарвоза, деворлар ва бинога зарар етказилган.
Ташриф чоғида ушбу Махсус қабулхонада шахсларни сақлаб туриш, овқатланиш, тиббий хизмат ҳамда маданий хордик чиқаришларига мўлжалланган шарт-шароитлар кўздан кечирилган. Шунингдек, у ерда сақланаётган фуқаролар билан сухбатлар ўтказилган.
Маълум бўлишича, Махсус қабулхонада шахсларни сақлаш хоналари (камералар) ва бошқа объектлар видеокузатув мосламалари билан тўлиқ жихозланган. Мониторингда комиссия аъзоларига кузатув тасвирлари республика бўйлаб ягона тизимга бириктирилгани ва тасвирларни ўчириб ташлашнинг имкони йўқлиги тушунтирилган.






