Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида айни кунларда шахсни идентификациялашнинг "Мобил-ID" тизими ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берилди, дея маълум қилади Darakchi.uz' мухбири Ойбек Шукуров.

Қайд этилишича, ушбу тизим фуқароларга электрон рақамли имзодан фойдаланмаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратади.

"Хабарингиз бор ҳозирги кунда Давлат хизматларидан фойдаланиш учун фуқаролар ваколатли органларга бориб ариза бериши керак ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари керак ёки электрон имзони олган холда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланиши мумкин. Лекин электрон рақамли имзони олиш жараёни маблағни талаб этади, қолаверса электрон рақамли имзонинг амал қилиш муддати 2 йил.
Мобил-ID тизимида эса ундай эмас. Мазкур тизимда фуқароларимизни давлат хизматлари марказларига ёки нотариал идораларга хизматдан фойдаланиш учун борганда, уларни расмга тушириб, мобил идентификациядан ўтказилади ва ўзлари билдирган телефон рақами мобил идентификацияга боғланади. Телефон рақамини киритилишининг мақсади фуқаро давлат хизматларидан фойдаланган пайтида унга оид маълумотлар фуқарога смс шаклида юборилади",-дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Бунёд Азизов.
Хўш, мобиль идентификациядан ўтган фуқароларга қандай қулайликлар бор?
— Мобил-ID'дан рўйхатдан ўтган фуқароларга исталган давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Фақат, ҳозирча молиявий хизматларни қўшмай турибмиз, чунки уларни мухимлилик даражаси устувор деб белгилаб, қолган хизматларни биринчи навбатда албатта ишга туширишга тайёр қилганмиз. Ҳукуматнинг шу соҳани тартибга солувчи лойиҳаси қабул қилиниши билан амалиётга жорий этилади.
Мавзуга доир:
Эндиликда фуқаролар "метрика" олиш учун ФҲДЁ бўлимига бормайди






