1

Магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохта – Тошқулов

ЖАМИЯТ 29.07.2022, 10:35
Магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохта – Тошқулов

Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида ижодий, касбий имтиҳонларни пухта тайёргарлик асосида шаффоф ўтказиш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати масъуллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, проректорлар ва ижодий имтиҳонлар комиссия аъзолари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибидаги долзарб масала – айни кунда бошланган ижодий, касбий имтиҳонларни шаффоф ва холис ўтказиш бўлди.

“Бугун олий таълим коррупсиядан холи соҳага айланмоқда. Буни сўнгги вақтда тизимдаги ислоҳотлар, жумладан, ўқишни кўчиришни тартибга солингани, магистратурага қабулни сертификат орқали амалга оширилаётгани ҳамда тизимнинг тўлиқ рақамлашганида кўришимиз мумкин. Энди галдаги муҳим масала - олий таълим муассасаларида ўтказиладиган ижодий, касбий имтиҳонларни адолатли ва шаффоф ўтказишдир”, – деди вазир.

Ўз сўзида давом этар экан, А. Тошқулов масъулларга имтиҳонларни назорат қилишга жалб этилган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар учун етарли шароитлар яратиш, жумладан жараёнларни адолатли ўтказишда ҳалоллигини кўрсатган мутахассисларни катта миқдордаги қўшимча пул мукофотлари билан рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади. 

Қайд этиш лозимки, имтиҳонларни адолатли ва холис ўтказиш мақсадида вазирнинг тегишли буйруғи билан вазирлик тасарруфидаги олий таълим муассасаларида ўтказиладиган ижодий имтиҳонлар комиссияси раислари ва аъзолари тажрибали, ҳалол, пок, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлардан тасдиқлангани, улар ўзлари фаолият юритмайдиган бошқа олий таълим муассасаларига бириктирилган ҳолда шакллантирилган.

Касбий имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича жами қабул параметрлари 2 515 тани ташкил этади. Маълумотларга кўра, рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 млн 200 минг нафардан ошган. Улардан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 60 177 нафар, тест билан биргаликда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони эса 66 371 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлисда вазир олий таълим масканлари раҳбарлари ҳамда комиссия раисларига мурожаат қилиб,

“Сизларга катта ишонч билдирган ҳолда шундай масъулиятли вазифага жалб қилдик, бунда сиздан фақат ҳалоллик талаб этилади”, – деди.

Шунингдек, абитуриентлар ота-оналари ва кузатувчилар учун муассаса ҳудудида имтиҳонни санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш, жараёнларни видеотрансляция қилиш, ҳар бир ҳудудни навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминлаш, жараён ҳақида тезкор ахборот бериб бориш, апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш, имтиҳон жараёнларига оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари, блогерларни таклиф этиш бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилди. 

Йиғилишда Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректорлари сўз олиб, имтиҳонларни ўтказишдаги тажриба ва фикрлари билан ўртоқлашди.

А.Тошқулов йиғилиш якунида магистратурага ҳужжат қабул қилишга ҳам тўхталиб, топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилаётганини қаттиқ танқид қилди. Масъулларга ушбу ҳолатни қатъий назоратга олишлари, қабул якунлангач сертификатларни экспертлар иштирокида яна бир бор текширишлари, сохта сертификат топширганларни ўқишдан четлатиш бўйича зарур кўрсатма берди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1