Кеча, 30 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда пахтачилик илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, олимлар, хусусий уруғчилик корхоналари, кластер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар. Йиғилишга Пахтачилик кенгаши раиси, Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот котиби.

Маълум қилинишича, йиғилишдан мақсад пахта нави муаллифларининг навларни жойлаштиришдаги тўсиқларни ўрганиш, пахта навларининг ҳаққоний салоҳиятини кўрсатиб бериш, навларни синаш ва навларни мониторинг қилишдаги камчиликларни бартараф этиш масалаларини муҳокама этишдир.
Тадбирда пахта навларини ҳудуднинг иқлим-тупроқ шароитларига қараб экилишини таъминлаш, пахта навларини алмашлаб экиш, ҳар бир навга мос агротехник тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. И. Абдураҳмонов нав муаллифларига ўз навларининг реал ҳосилдорлигини аниқлаш мақсадида дала майдонларига чиқиб мониторинг ишларини амалга оширишлари бўйича топшириқ берган.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши йиғилишида миллий пахта навларини маркетинги билан шуғулланишига алоҳида эътибор бериши лозимлиги таъкидланди. Бунда пахта навларининг хусусиятлари, ўзига хос жиҳатлари акс этган, талабга жавоб берадиган суратлар билан бойитилган альбомлар чоп этиш ва уларни кластерларга тақдим қилиш кераклиги қайд этилди.
Йиғилишда пахта навлари муаллифлари муаллифлик ҳуқуқи бўйича мавжуд муаммоларни ҳам кўтардилар. Бу масалани кластерлар билан ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилиш механизмини ишлаб чиқишга келишилди. Нав муаллифлари томонидан яратилган нав учун олинадиган гонорарлар тўловларининг янги тизимини яратиш бўйича таклифлар олинди.
Бундан ташқари, ҳар бир навга боғлаган ҳолда уруғчилик спин-офф компанияларини ташкил этиш бўйича келиб тушган таклифлар ўрганилиб, Пахтачилик кенгаши томонидан уларга методик жиҳатдан кўмак берилиши айтиб ўтилди. Мурожаат этган 10 та компанияга ўз иш режаларини Пахтачилик кенгашига тақдим этишлари бўйича топшириқлар берилди",-дейилади хабарда.






