Ижтимоий тармоқларда тарқалган олдинги йилларда ташкил этилган қайта тайёрлаш курслари сертификати билан боғлиқ мурожаатлар юзасидан А.Авлоний номидаги малака ошириш институти расмий муносабат билдирди. Унда қуйидаги фикрлар қайд этилган:
"Ҳақиқатан ҳам 1991-1994 йилларда ўша даврдаги А.Авлоний номидаги малака ошириш институти ва ҳудудий малака ошириш институтларида турли фанлар бўйича 2-3 ойлик қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган.
Мазкур курсларнинг давомийлиги ва уларга қўйиладиган талаблар бўйича тартибга солувчи ягона норматив ҳужжат бўлмаганлиги сабабли, ушбу курсларнинг муддатлари ҳар бири 288 соатдан 400 соатгача турлича белгиланган.
Ўша даврда турли хил қайта тайёрлаш курсларида ўқиган тингловчилар тегишли қайта тайёрлаш курслари сертификатини қўлга киритишган (у даврда қайта тайёрлаш учун сертификат берилган). Аммо, шу билан бир қаторда ўша пайтларда қалбаки қайта тайёрлаш сертификатлари ҳам тарқалган ҳолатлар аниқланган.
Бундай ҳолатлар бўйича бугунги кунга қадар 14 та ҳудудий малака ошириш марказлари ва А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институтига сертификат ҳаққонийлиги ёки қалбакилигини аниқлаштириш мақсадида иш берувчилар ва бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Қайд этилмаган, сохталаштирилган сертификатлар ва дипломлар тўғрисида маълумотлар ўз вақтида бериб келинмоқда.
Шуни қайд этиш керакки, 2006 йилга қадар, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” 25-сон Қарори тасдиқлангунга қадар бундай ҳолатлар давом этган.
Юқоридаги қарор тасдиқлангандан сўнг қайта тайёрлаш курслари норматив ҳужжатлари тартибга солиниб, бу каби ҳолатларга чек қўйилган.
Шунга қарамасдан, айрим бир тизимда фаолият юритаётган ходимлар ўша даврда соҳталаштириб қўлга киритган сертификатлари орқали иш фаолиятини олиб борган ҳолатлар аниқланди.
Бундай ҳолатларга аниқлик киритиш бўйича А.Авлоний номидаги институт доимий равишда иш берувчилар, мактаблар, туман халқ таълими бўлимлари, вилоят бошқармалари ва жойлардаги молия бўлимлари ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Бундан кейин ҳам шу каби сертификатларнинг хаққонийлигини ўрганиш бўйича Миллий тадқиқот институти ва 14 та ҳудудий марказлар ҳамкорликка тайёрлигини маълум қиламиз", дейилади хабарда.






