1

Мистика: Тўйдаги арвоҳ

МУТОЛАА 02.08.2016, 12:23
Мистика: Тўйдаги арвоҳ

Бу воқеани менга тўй маросимларини видеотасвирга оладиган қариндошим гапириб берганди. Унинг айтишича, бир куни узоқроқ қишлоқда бўлиб ўтадиган тўйга буюртма бўлибди. Ўша манзилга етиб бориб, ишини бошлабди. Ҳаммани бир-бир тасвирга олар экан, айниқса, бир чеккадаги курсида ўтирган оппоқ кийимли отахонни қайта-қайта суратга олибди. Сабаби, уй эгаларининг қария отасидир-да, деган хаёлга борган. Тўй эгаси маросим ёзилган дискни имкон қадар тезроқ тақдим қилса, хизмат ҳақига устама пул қўшиб беришини айтибди. Қариндошим ҳам ярим тунда уйига етиб борибоқ видеомонтажга ўтирибди. Уйқисираб, ҳорғин аҳволда иш бошлабди. Шунда бир нарсага эътибори тушиб, сергак тортибди. Лип-лип ўтаётган тасвирларда ҳалиги оппоқ кийинган отахон йўқ эмиш, курси бўш турганмиш... Қайта-қайта кадрларни ортга қайтарибди. Йўқ... Отахон кўринмапти. Уйқуси ҳам қочиб, кўзларини ишқалаб, эътибор билан яна бир бошдан кўриб чиқибди. Барибир бўш турган курсидан бошқа тасвир йўқ эмиш.

Эрта билан дискларни олиб, тўй эгасининг уйига қараб йўлга тушибди. У киши ишни ўз вақтида бажариб келгани учун қўшимча ҳақ узаётганида, қариндошим “Кеча анави ерда турган курсида ўтирган оппоқ кийимли нуроний ким эди?” деб сўрабди. Тўй эгаси: “У курсининг оёғи қийшайиб қолгани учун четроққа олиб қўювдик, ҳеч ким ўтирмади, бунинг устига келган йигирма-ўттиз чоғли эркаклар ичида иккитагина кекса киши бўлиб, улар ҳам оқ либосда келмаганди”, дебди. Унга ўзи дуч келган ҳолатни узоқ тушунтирибди. Шунда тўй эгаси ўйлаб қолиб, бир муддатдан сўнг тилга кирибди: “Биз кеча уйлантирган фарзандимизни асраб олганмиз. Хотини ўлган бир одам ёши ўтиб қолгани, фарзандларининг қаршилигига қарамай, йўлдан адашиб қолган ўн етти ёшлардаги қизга уйланган экан. Йил ўтиб, фарзанд туғилибди. Ўша қиз кўзи ёригандан сўнг собиқ севгани билан қочиб кетибди. Чақалоқ билан қолиб кетган шўрлик эркак қариганида кулгига қолганидан юрак хуружига учрабди. Унинг аллақачон бола-чақали бўлиб кетган фарзандларига бу боланинг кераги бўлмабди. Бир яхши инсоннинг ҳаракатлари билан биз шу болани асраб олдик. Сиз айтаётган арвоҳ, агар рост бўлса, ўша кишининг руҳидир”, дебди.

Қариндошим қайтмоқчи бўлганида: “Яхши айтдингиз бу гапларни, боланинг ота-онаси ҳақида ҳеч ўйламаган эканмиз, шу бугун тушликда Қуръон хатм қилдирамиз, сиз ҳам тушгача шу ерда қолинг”, деб олиб қолибди. Ҳаётда шунақа ҳолатлар ҳам учраб турар экан.

Хосият РАЖАБОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1